14 январ — Ватан ҳимоячилари куни

24

1993 йилнинг 29 декабрида 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди. Шу кундан бошлаб ҳар йили республикамизда “Ватан ҳимоячилари куни” эътибор билан кутилади. Юртнинг тинчлиги, фуқароларимизнинг ҳотиржамлигига сабабчи бўлган бугунги армиямиз профессионал армиядир. Армиямиз замонавий ва ривожланган давлатлар армиясидан кам эмас. Ҳарбий ўқув юртларимиздаги таълим тизими тубдан ўзгармоқда, уларда бўлғуси офицерларни тайёрлаш ва тарбиялаш ҳозирги замон талабларига тўла мос келадиган, принципиал жиҳатдан мутлақо янги бўлган ўқув-техник ва маънавий-аҳлоқий асосда йўлга қўйилган. Армия сафларига, авваламбор, мустақил ва суверен Ўзбекистонимизга хизмат қилиш, унинг манфаатлари ва сарҳадларини, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоя этишга азму қарор қилган мард ва фидойи, интеллектуал жиҳатдан тарбия топган етук кадрлар келади. Улар келажакда шу ватаннинг ҳар бир қарич ерини кўз қорачиғидек ҳимоя қилишга тайёр бўладилар. Бу ишда ўтган аждодларимиз амалларига эътибор берсак мақсадга мувофиқ бўлади. А. Темур ҳазратлари яратган салтанат, унинг кенгликлари, у зотнинг адолат билан хукм юргизишлари нақадар олий бўлган. Юртнинг ҳимоясини ўзларига фарз деб билган. Бундан ташқари Жалолиддин Мангубердининг қахрамонликлари, душмандан асло қўрқмаслиги биз ёшларга ўрнак бўлмоғи керакдир. Хукуматимиз томонидан армиямизга катта эътибор берилаётганлиги биз фуқароларнинг тинч ҳаётимизга сабаб бўлғусидир. Чунки, чегара сарҳадларимиз ишончли ва мустаҳкам қўлларда экан, хавотирга ўрин йўқ.

“Хўжа Аламбардор” жоме

масжиди имом хатиби:

Раҳимберди Раҳмонов