Қурбон ҳайити куни одоби

376

Қурбон ҳайити куни исломдаги энг шарафли кунлардан биридиур. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам шундай марҳамат этганлар:

— Аллоҳ ҳузурида кунларнинг энг улуғи қурбонлик кунидир» -дедилар. (Абу Довуд ривоят қилган).

Уммат бу кунни ҳурматини бажо айламоғи айни муддаодир. Зеро жанобимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг ўзлари бу куннинг улуғлигини баён этганлар.

Қурбон ҳайити куни бир нечта суннат бўлган амаллар борки, уларни бажариш ҳар бир мусулмонга кони савобдир:

  1. Эрта тонгда туриб ғусл қилиш, чиройли, тоза кийимларни кийиш, хушбўйланиш сўнгра бомдод намозини жамоат билан ўқиш.
  2. Ийд намозига чиқиш. Ийд намозига чиқишдан аввал бирор нарса тановул қилинмайди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурбон хайити кунида намозга чиқишдан олдин бирор нарса емаганлар, намоздан қайтгач, сўйган қурбонликларидан еганлар.
  3. Намозга чиқишда иложи бўлса пиёда, бўлмаса сайёрада чиқилади, йўл бўйи такбир айтиб борилади (Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ла илаҳа иллоллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд )
  4. Намозгоҳга (масжидга) етганда имом чиққунига қадар такбир айтиб ўтиради, имом билан намоз ўқиганидан кейин хутбага қулоқ солади. Чиқишда оҳиста юриб бировларга озор бермасдан чиқади.
  5. Намоздан кейинги қиладиган биринчи иш қурбонликни сўйиш, қурбонлиги бўлмаса қариндош-уруғ, ёру биродарларнинг зиёратига бориш, уларни ҳайитлари билан муборакбод этиб хурсандчиликларига шерик бўлиш. Қурбонликни учга тақсимлаш савоблидур: бир қисмини оила аъзоларига, иккинчи қисмини қариндош ва қўшниларга, учинчи қисмини мискин, бева-бечора ва етимларга бериш.
  6. Муҳтож, фақир, бева бечоралар ҳолидан ҳабар олиш, уларнинг кўнглини олиш, уларга эҳсон қилиш, хуллас уларга яҳшилик қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг одатларидандир.

Албатта, мусулмон инсон ушбу айтилган суннат амалларига амал қилиши маҳбубдир.

Келинглар, Қурбон ҳайити куни ушбу амалларни зиёдаси билан бажаришга ҳаракат қилайлик. Токи номаи аъмолларимиз савоб амаллар билан лиммо-лим бўлсин.

“Хўжа Аламбардор” жоме

масжиди имом хатиби:

Раҳмонов Раҳимберди