Қаҳрамон қизча

39

Қадимда ўғриларнинг қўллари кесилганини эшитганмиз. Шундай ўғрилардан бири ушланиб, жазога ҳукм қилинганда бир қизча подшо ҳузурига келиб тиз чўкиб, йиғлаганича ўтиниб сўрабди:

– Отамни жиноятлари учун қўлларини кесишга буюргансиз. Биламан, ҳукмингиз адолатли. Лекин отамнинг мендан кичик яна тўрт фарзандлари бор. Онамиз касалвандлар, бизларни боқа олмайдилар. Агар отамизнинг қўлларини кестирсангиз, ҳаммамиз очдан ўламиз. Бизларга раҳм қилинг, отамизнинг қўлларини кестирманг. Агар қўл кесмасликнинг бошқа иложи бўлмаса, у ҳолда отамнинг қўллари ўрнига менинг қўлимни кеса қолинг.

Подшо бу гапни эшитиб, кичкинагина қизнинг ота-онасига муҳаббати бу қадар улуғлигидан ҳайратда қолди. Қизни синамоқ мақсадида унга:

– Майли, отанг қўли ўрнига сенинг қўлингни кестираман. Қўлингни бугун эмас, эртага кесишади. Эртагача яхшилаб ўйлагин, кейин яна пушаймон еб юрмагин, — деди.

Эртаси куни жазо майдонида яна одам тўпланди. Қизнинг отасини келтирдилар. Қиз ҳам ҳозир бўлиб, отасига деди:

– Отажон, сира қўрқманг, мен подшога «Отамнинг қўллари ўрнига менинг қўлимни кестиринг», деб ялиндим. Илтимосим қабул бўлди. Ҳозир менинг қўлимни кесиб, сизни озод қилишади.

Қиз шундай деб, кундага қўлини қўйди. Бу ҳолатдан подшо ҳам, тўпланганлар ҳам кўз ёши тўкдилар. Қизнинг отаси озод этилди. Ота-болага илтифотлар кўрсатилди. Подшонинг амри билан жазо майдонидаги кунда олиб ташланиб, унинг ўрнига бир мармар тош тикланди-да, қуйидаги сўзлар ўйиб ёзилди:

«Бир ёшгина қиз отасининг қўли ўрнига ўз қўлини фидо этишни истади. Шу қиздек фарзандга эга бўлган ота-она қандай бахтиёрдир…»

Аллоҳ таоло барчангизга дунёда шараф, охиратда эса бошингизга жаннат тожларини кийдирувчи фарзандаларни насиб этсин!

Саидаброр Умаров тайёрлади