Қайтар дунё

25

Отасининг ўлимидан бир фурсат ўтиб, иш билан банд  ўғил касалманд кекса онани қариялар уйига топширишга қарор қилди. Ўғил ора-чора онасининг  ҳолидан хабар олиб турди.

Кунлар ўтди. Бир куни қариялар уйидан қўнғироқ қилишди: вазият жиддий — она оғир аҳволда ётибди ўғлига айтадиган сўнгги сўзи бор экан. Ўғил зудлик билан унинг ёнига шошди. Ажал билан курашаётган она темир каравотда ҳолсиз тўлғанар, ўғил сўнгги сўзни эшитмоқ учун унинг лабларига қулоқ тутди. «Ўғлим, сендан сўнгги илтимосим — қариялар уйи хоналарига кондитсионерлар ўрнаттириб берсанг. Қарилик боис совуқ ва иссиқ кунларда жуда қийналдим. Кейин, бу ерга музлатгич ҳам олиб келиб қўй — баъзида тунлар уйқум қочганида бирор нима топа олмай, оч ётиб, қийналдим.

Онанинг ўтинчидан ҳайратда қолган ўғил унга тикилиб қолди. Шунча вақтдан буён бу қийинчиликларга чидаб келиб, оғиз очмасдан, нега умр адоғида ёлвораётганини сўради. «Мен-ку, буларга чидадим, болам! Лекин сендан хавотирдаман. Кун келиб, болаларинг сени бу ерга ташлаб кетишса, сенинг ҳолинг нима кечади, болажоним?!» деб жавоб қайтарди онаизор.

 

Одилжон Нарзуллаев 

Зангиота туман “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом хатиби.