Ўзбекистон ва Қозоғистон диний байрамларни нишонлаш саналарини бир хиллаштириш бўйича меморандум имзолади

129

Қозоғистон Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Серикбай Ораз Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида мамлакатимиз Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан учрашди.
Учрашувда диний байрамлар саналарини бир хиллаштириш (унификация қилиш) масаласи муҳокама қилинди.
“Халқ сўзи” нашри билдиришича, якунда иккитомонлама меморандум имзоланди.
“Тарафлар диний саналар (рўза, Қурбон Ҳайит ва бошқалар)ни Ҳижра йили, яъни мусулмонлар ой тақвими бўйича нишонлаш, шунингдек, бугунги кун диний масалалари бўйича умумий қарорлар, фатволара чиқариш лозим деб ҳисоблайди”, — дейилади меморандум матнида.
“Бизда шу пайтгача диний байрамлар санаси бўйича фарқланишлар бор эди. Мазкур камчиликни тўғрилаш учун биз ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоладик. Меморандум доирасида умумий фатволар чиқарамиз ва ҳозирги давр долзарб масалалари бўйича биргаликда қарорлар қабул қиламиз”, — дейди муфтий Серикбай Ораз оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида.
“Казинформ”нинг ёзишича, ўзаро имзоланган мазкур ҳужжат доирасида икки давлат фуқароларига ушбу мамлакатлар ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имконияти тақдим этилади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати