“Эҳтимол, у дуоси ижобат бўладиган кишидир”

30

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ бир куни сафарга бориш мақсадида кемага миндилар. Кемадалик пайтларида қирғоқ тарафдан бир кишининг акса уриб, “Алҳамдулиллаҳ” деганини эшитдилар. Шунда у киши дарҳол бир қайиқни бир дирҳамга ижарага олдилар-да, кемадан қайиққа тушиб, ўша одам тарафга сузиб бордилар. Бориб, “Ярҳамукаллоҳ” дедилар ва ортга қайтдилар. Кемадагилар у кишидан нега бундай қилганларини сўрашганда, у зот “Эҳтимол, ўша акса урган дуоси ижобат бўладиган кишидир” деб жавоб бердилар. Кемадагилар уйқуга ётишганда, “Эй кема аҳли, албатта, Абу Довуд бир дирҳам эвазига Аллоҳдан жаннатни сотиб олди” деган гапни эшитдилар.

Имом Абу Довуд “Олти саҳиҳ ҳадис тўплами” (Сиҳоҳи ситта)дан бири бўлмиш “Сунан”нинг соҳибидирлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, “Алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “Ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “Ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум” (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Шу ва шунга ўхшаш маънодаги ҳадисларга мувофиқ акса урган киши “Алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин!) дейиши суннатдир. Уни эшитган киши эса “Ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сизга раҳм қилсин!) дейиши керак. Акса урга бунга жавобан “Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум” (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин) деб айтиши шарт.

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ шариатнинг бу кўрсатмасига амал қилиш ва ўша акса урган кишининг “Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум” деган дуоси ижобат бўлишидан умидвор бўлиб, қайиқда сузиб борган эдилар.

Ушбу қиссани ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган “Фатҳул Борий” номли шарҳларида келтириб, “Ибн Абдулбарр бу қиссани жаййид санад билан ривоят қилган” деганлар.

Азизлар, ҳар қандай солиҳ амални паст санамай қилаверайлик! Чунки қайси солиҳ амалимиз бизнинг жаннатга киришимизга сабаб бўлишини билмаймиз.

Эй Аллоҳ, бизни қиёмат куни Набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга қилгин! Улар қандай ҳам яхши рафиқдирлар!

 

Нозимжон Иминжонов таржимаси