Эртага Қашқадарёда Қуръон мусобақалари бўлиб ўтади

190

Эртага, 22 февраль куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида Қуръон мусобақасининг вилоят босқичи ва куннинг иккинчи ярмида “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти қори талабалари ўртасидаги мусобақа бўлиб ўтади. Айни дамларда ушбу вилоятда мусобақага қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Қашқадарё вилоятидаги туман-шаҳар босқичидан 25 нафар қори йигит-қизлар навбатдаги босқичга чиқишган. Эртага бўлиб ўтадиган қорилар мусобақасида мана шу қори-қориялар Республика босқичига чиқиш учун беллашишади.
Азиз Қуръон ошиқлари, барчамиз бугундан вужудимизни қорилар қироатини тинглашга ҳозирлайлик. Каломуллоҳни эшитувчи, аввало, қалбини тайёрлайди, ибодатни ният қилади, сийратию суратида хотиржам бўлиб, ихлос билан Аллоҳнинг каломига қулоқ солади. Қироат пайтида сажда оятини эшитса, сажда қилади. Тасбеҳ оятлари тиловат қилинса, Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб, Раҳмон Зотни улуғлайди. Жаннат, тақводорларга бериладиган инъомлар ва ваъдалар ҳақидаги оятлар зикр қилинганда Аллоҳнинг фазлини сўрайди. Дўзах, аламли азоблар ва ваъидлар ҳақидаги оятлар ўқилганда Аллоҳ таолодан паноҳ тилайди.
Қадрли биродарлар, эртага Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги “Бахтли оила” кошонасида эрталаб соат 9:00 да бошланади. Шунингдек, шу куни “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти қори талабалари ўртасидаги Қуръон мусобақаси ҳам ушбу “Бахтли оила” кошонасида бўлиб ўтади.
Шундай экан азиз мухлислар, Қуръон мусобақасининг иккинчи, яъни вилоят босқичи ва билим юрти босиқчини кузатиб, қалбингизга таскин ва руҳингизга қувват беринг.
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати