Эгасидан сўрамай олинган хабар – ўғирликдир

379

Бугунги глобаллашган ахборот асрида интернет нашрлари ОАВнинг бошқа турларидан ўзининг тезкорлиги билан ўзиб кетишга уринмоқда.  Қайси бир нашр маъуломотни биринчи бўлиб берса унинг нуфузи баланд бўлиб ҳисобланмоқда. Бироқ, бу жараёнда тезкорликнинг ўзи етарли бўлмайди. Расмий ОАВ фаолиятида тарқатилаётган маълумотнинг ишончлилиги биринчи мезон бўлади. Бунинг учун албатта расмий манбага таянилиши лозим.  Расмий манбага таяниш маълумот обекти қаратилган соҳага алоқадор бўлган расмий шахс, ташкилотнинг матбуот хизмати ёки унинг расмий веб сайти ҳисобланади.

Бугун баъзи интернет нашрларига шу жиҳат етишмаётиир. Афсуски диний –маърифий веб сайтларга ҳам. Бошқа соҳаларни қўя турайлик, ҳар жабҳасида ислом йўриқларига таяниши лозим бўлган бу йўналишдаги сайтларда бирор ташкилотнинг ички ҳужжатлари, ташкилот йиғилишидаги ички ўзаро маслаҳатли мулоҳазаларни эшитиб, билиб олиб, сўраб ўтирмай, оммага тарқатиб, ўз рейтингини, тезкорлигини намойиш этаётган веб сайтлар бир ўйлаб кўрсинлар: Ахир мўтабар китобларда ҳам муаллиф рухсатисиз, иқтибос олиш, нусха кўчиришнинг барча турлари шаръан ҳаром, қонун таъқиб этилади деб ёзиб қўйиладику.

Гап нима ҳақида бораётиганлиги ойдинлашгандир: Бугун (13 ноябр) Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг маълум бир сонли Буйруғи ва унга мувофиқ Маъҳад ва мадрасаларда Қуръони Карим курслари очилиши хушхабари кўп нашрларда эълон қилинди. Албатта бу ҳаммамиз учун, халқимиз учун катта хушхабар хурсандчиликдир. Алҳамдулиллоҳ, динимиз тарғибига оид ҳар бир янгиликни севинч билан қарши оламиз.

Бироқ, бу Буйруқни чиқарган муаллиф ташкилот бор, идора бор. Ва бу ҳужжатнинг ижроси зиммасига юклатилган масъул шахслар бор. Улар Буйруқ ижроси бўйича дастур ва тадбирлар ишлаб чиқадилар. Ва албатта ана шу тадбирлари режасига мувофиқ лозим бўлса ўз веб сайтларида эълон қиладилар.

Агар бу жараён бироз кечиккан тақдирда ҳам, бошқа нашрлар ҳодисадан хабар топиб, уни тезроқ оммага ҳавола қилишни истасалар, марҳамат, ўша идоранинг матбуот бўлими, ёки расмий масъуллар, ёки ҳудудий бўлим (вакиллик)ларига мурожаат қилсинлар. (Барча диниий ташкилотлар сайтларида тел рақамлари мавжуд) Улардан воқеа ҳақида сўраб, батафсил маълумот олиб, розилик асосида иш юритсалар ҳар жиҳатдан адолатли, ҳалол бўлади! Нуфузли ахборот нашрлари худди шундай йўналишда ишлайдилар.

Такрор айтамизки, бир ташкилотнинг ички буйруғини қаердандир олиб, “чаққонлик” қилиш журналистик фаолиятга ҳам, ўзини расмий нашр деб ҳисоблаган ҳеч бир ОАВ га мумкин эмас.

Тушунамиз, барчамиз яхшилик йўлида, эзгу мақсадда, ислом маърифатини етказиш йўлида хизмат қилмоқдамиз. Фақат ҳар бир фаолият турида динимиз кўрсатмаси бўлганидек, бу борада ҳам касб одоблари, тартиботларига риоя қилайлик азиз ҳамкасблар! Илтимосимиз фақат шу.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Манба:vakillik.uz