Файзиёб кунлар: яхши қўшничилик, истиқболли лойиҳалар

59

Меҳрибон Парвардигоримиз она Ватанимизга файзу баракотини ёғдириб турибди, беадад шукрлар бўлсин! Мана кечагина Қурбон ҳайити байрамини катта хурсандчиликлар билан ўтказдик. Қишлоқларда одамлар тўққиз-ўн жойгача қурбонликка айтилган бўлса, шаҳарларимизда қассобларнинг қўли-қўлига тегмаганидан жонлиқ сўйиб саранжом қилишни эплайдиган ҳаваскор қассоблар ҳам етишмай қолди. “Вақф” фонди эса Ҳайитнинг биринчи кунининг ўзидаёқ бир тоннадан ортиқ гўшт тарқатди.

Ана шу қурбонликлар, тўкин-сочин дастурхонлар… одамларимизнинг имон-эътиқоди мустаҳкамланиб, шариатимиз буюрган амалларнинг фазилатини тобора теран ҳис этиб бораётганидан далолатдир.

“Ёшлигимда қўйларимнинг сони 24тага етди. Мен ҳам энди бой бўляпман экан деб ўйладим. Қурбон ҳайити кирганда биттагина қўйни сўйишга кўзим қиймади. Ҳайитдан кейин қанча вақт ўтди, билмадим, қўйларим касал бўлиб битта-битта ўла бошлади. Ҳар икки-уч кунда биттадан қўйни сўйиб оламан. Онам раҳматли: “Нима бўляпти, болам?” деб ҳайрон бўлади. “Онажон, асти сўраманг, сабабини ўзим биламан”, деб қўяман. Шундай қилиб, 10 та қўйни сўйиб олдим. Ўшандан бери ҳар йили қурбонлик қилишни одат қилдим. Қўйларим ўз-ўзидан кўпайиб, топган-тутганимга барака кириб келаверди ва асло муҳтожлик нималигини кўрмадим”, дейди чироқчилик Тоштурди Ботиров.

Қурбон ҳайити арафасида юртимизга Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг расмий ташриф билан келгани тили бошқа-ю, дили, дини, урф-одатлари бир икки халқнинг севинчини янада зиёда қилди.

Бу ташрифнинг Қурбон ҳайити атрофида бўлганининг ҳам ўзига хос рамзий хусусияти бор. Зотан, қўни-қўшниларнинг  муборак байрам атрофида дийдорлашиб, самимий суҳбатлар қилиши азалий одатларимиздандир.

Аллоҳнинг наздида дўстларнинг яхшиси дўстларига яхшилик қилувчисидир. Аллоҳнинг наздида қўшниларнинг яхшиси қўшнисига яхшилик қилувчисидир”, деган ҳадиси шарифга мувофиқ  қўшничилик ҳақига риоя қилиш борасида барчага ўрнак бўлаётган, нафақат, қўшни давлатлар, балки бутун олам аҳли билан яхши муносабатлар ўрнатиш ташаббускори бўлган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатларининг таҳсинга сазовор эканини жаҳон афкор оммаси эътироф этмоқда. Хусусан, Тожикистон Президенти Ўзбекистон раҳбарига таклиф ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ушбу учрашув ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш учун қулай имконият эканини қайд этиб, жумладан бундай деди:

“Сизнинг жорий йил март ойида Тожикистонга давлат ташрифингиз мамлакатларимиз тарихида янги зарҳал саҳифа очди. У Тожикистон – Ўзбекистон муносабатларини қайта тиклади, барча соҳадаги комплекс масалаларни изчил ривожлантиришга кучли туртки берди. Самарали ташқи сиёсатингиз туфайли Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги обрў-эътибори ошиб бормоқда. Бу ташриф халқларимизнинг фаровонлиги учун муҳим аҳамият касб этади”.

Бинобарин, бандаларига қўшнилар билан яхши муносабатда бўлиш, уларнинг ҳақларига риоя қилиш, қувончига шерик бўлиш, ташвиши бўлса, уни аритиш, зарурат туғилса, кўмакчи бўлишни буюрган Раббимиз:

Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам(яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо, 36), деб марҳамат қилган.

Юртбошимиз кеча яна бир қўшни давлат Туркманистон Республикасига ташриф буюрди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ­– Туркманистон муносабатлари юксак суръатларда ривожланиб бораётир. Бунда аввало икки давлат раҳбарларининг самимий дўстлиги, ўзаро ишончи ва қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этмоқда.

Олий даражадаги учрашувларнинг мунтазамлик касб этгани давлатлараро муносабатлар юксак даражада эканидан далолатдир. Жумладан, Туркманистон раҳбарининг жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлади.

Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг бу галги учрашуви ўзаро манфаатли, самарадор ва фаол мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди.

“Гурбангули Бердимуҳамедов давлатимиз раҳбарини Туркманистонга ташрифи билан қутлаб, Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг таъсисчи мамлакатлари раҳбарлари саммити ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама ҳамкорликни муҳокама қилиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислиги даврида амалга ошираётган ташаббусларини юқори баҳолаб, Ўзбекистон билан Туркманистоннинг бу борадаги лойиҳалари ва саъй-ҳаракатлари бир-бирини тўлдиришини қайд этди”, деб хабар берди Ўзбекистон ахборот агентлиги.

Президентимиз Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари мажлисида сўзлаган нутқида Оролбўйи минтақасидаги табиий муҳитни соғломлаштиришга оид бешта таклифни илгари сурди ва бу таклифларни қўшни давлатлар раҳбарлари ҳамда анжуман иштирокчилари маъқуллашди. Жумладан, Оролбўйи ҳудудини Экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш, буткул яроқсиз ҳолга келиб қолган деб гумон қилинган бепоён ҳудудни кўкаламзорлаштириб, чорва яйловларига айлантириш, бу билан ўн минглаб одамларни иш билан таъминлаш, минтақанинг экотизимини барқарорлаштириш, чанг-тўзонлар манбаига айланиб қолган ўлик ерни сердаромад ҳудудга айлантириш, трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланиш, тириклик манбаи бўлган сувни тежаб-тергаб ишлатиш каби масалалар юзасидан айтилган аниқ таклифлар барчага бирдек маъқул бўлди.

Дарҳақиқат, Орол денгизи асрлар давомида Марказий Осиёнинг жавҳари бўлиб келган. Шундай экан, уни сақлаб қолиш барчанинг келажак авлодлар олдидаги бурчидир. Давлатимиз раҳбари нутқида айтилган ишлар босқичма-босқич амалга оширилса, бу ишлар, нафақат, Марказий Осиё минтақасининг, балки бутун дунё экологиясининг яхшиланишига ҳисса бўлиб қўшилади. Шунинг баробарида юртбошимиз таклифида таъкидланганидек, бу ҳудудда экотуризм мислсиз тезликда равнақ топади. Бу соҳа ҳам минтақа давлатлари аҳолисига яна бир даромад манбаи бўлиб қўшилади.

Кеча, 24 август куни Маккаи мукаррамада ҳаж амалларини бажариб бўлган юртдошларимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида жума намозини адо этдилар. Намоздан сўнг ҳожиларимиз юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, тўкин-сочинлик, эмин-эркинлик бардавом бўлишини, ана шу ишларга бош бўлиб турган муҳтарам Президентимизга мустаҳкам соғлик, омонлик тилаб дуога қўл очдилар. Иншоаллоҳ, Маккаи мукаррамадаги ҳожиларимизнинг, ҳажжул масокинни – жума намозини адо этган элимизнинг  дуолар мустажоб бўлиб она Ватанимиз тобора чирой очиб бораверсин.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати