“…Унинг маъноси шуки, белингдаги зуннорингни ечгайсан!”

26

Аллоҳ таоло ояти каримада: “Албатта бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун аломатлар бордир” (Ҳижр сураси, 75), деб марҳамат қилганининг ўзиёқ фаросатнинг нақадар улкан неъмат эканига далолат қилади.

Ўзаро гаплашганимизда ҳам  “фаросатли одам”, “фаросатингга балли”, “бефаросат” қабилидаги сўз ва ибораларни кўп ишлатамиз ва фаросат деганда дақиқликни, бошқаларда маллоллик уйғотмайдиган, аксинча, уларга маъқул келадиган тезкор қарор ва ҳаракатларни тушунамиз.

Бинобарин, “Фаросат” [арабча – самимият, зийраклик, заковат, ўткир ақл] Кишидаги тез ва тўғри фаҳмлай олиш қобилияти. сезгиси;  фаҳм; заковат, дид”, дейилади “Ўзбек тилининг изоҳли луғатида”.

Ўтмишга назар солсангиз, юксак даража  ҳосил қилган зотлар фаросатининг кучлилиги туфайли азизлик мақомига эришганига гувоҳ бўласиз. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг, зеро у, Аллоҳнинг назари билан қарайди”, дея марҳамат қилганлар” (Имом Термизий ривояти).

Ана шу ҳадиснинг исботи сифатида жуда кўп маноқибларда келтирилган бир ҳодисани кўпчилигимиз ўқиганмиз. Воқеанинг мазмуни қуйидагича, Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратлари шогирдларига дарс бериб турган чоқда мажлисга бир йигит кириб келади-да, илтифотсизлик билан “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг, зеро у, Аллоҳнинг назари билан қарайди”, деган ҳадиснинг мазмунини сўрайди. Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратлари унга жавобан: “Бу ҳадиснинг маъноси шуки, белингдаги зуннорни ечгайсан”, дейдилар. У белида зуннори борлигини инкор қилади. Шунда устознинг ишорати билан  шогирдлар уни мажбурлаб тунини ечишади. Шундан кейин унинг зуннори кўриниб қолади-да сири фош бўлади ва у ушбу ҳадиснинг исботини ўзининг мисолида кўргани боис иймонга келиб, мусулмонликни қабул қилади.

Шунингдек, ҳузурига кирган киши бехосдан айб иш қилиб қўйганида унинг айбини яшириш учун ўзини карликка солган Ҳотамул Асом ҳазратлари ўша инсон вафот этгунига қадар ўзини карлардек тутиб юрганлар ва шу туфайли, яъни банданинг айбини яширгани сабабли улуғ даража ҳосил қилганлар.

Шайх Саъдий ҳазратлари  машҳур “Гулистон”ида ёшлигида танасининг нозикроқ жойидан бир яра чиққанини ва устози ундан “фалон жойингдаги яранг яхши бўляптими?” демасдан, “яранг яхши бўлиб қолдими?” деб ҳол сўраб турганларини ёзади ва айтадики, устозимдан ўргандимки, фаросатли инсонлар тананинг ҳамма аъзосини ҳам гапиравермас эканлар, дейди.

Раббимиз барчамизга юқорида номлари тилга олиб ўтилган азизларимиздек фаҳму фаросатли инсонлар бўлмоғимизни насиб айласин.

Абдулатиф РУСТАМЖОНОВ,

“Абдуллоҳ ибн Ҳузофа” масжиди имом-хатиби