Туғруқхонадан “Лимузин”да чиқолмаган чақалоқнинг йиғиси

135

Туғруқхонада ҳар куни байрам! Қимматбаҳо машиналарда одамлар гўёки кимўзарга ўзлари учун бебаҳо бўлмиш чақалоқларини карнай-сурнай садолари остида келин-куёвлардек ясантириб одамларни жалб қилиб, ўзларича хурсанд бўлиб олиб кетишмоқда. Бу ёнда карнай-сурнай овози, бу ёнда ҳомиладорларнинг туғруқ олди овози, янги туғилган чақалоқлар йиғисининг овози, бу ёнда “Маша” ва “Айиқполвон” ва бошқа мультфильм қаҳрамонлари тимсолида кийиниб олган йигитчаларнинг ёш оталарга ҳазил аралаш йўлтўсарликлари…Шарлар, гуллар, ясанган одамлар.., кимлар хурсанд гул кўтариб келган. Кимлар ғарибгина халтаси билан кимнидир кўргани келган. Кимдир деразадан бўлаётган дабдабага ўксинибгина, хўрсинибгина кўзларини жавдиратиб кузатиб турибди. Туғруқхона гўёки туғруқхона, чиллахона эмас, исрофгарчиликлар майдони, кимгадир тирикчилик майдони, ҳаёт майдонидай. Аслида қадимда момоларимиз туғаётган аёлнинг дардини бошқалардан сир тутишган. Аёл туғиб бўлгач, яна уни ва гўдакни қирқ кун чилла сақлаб бошқа бировларнинг, бегоналарнинг назаридан эҳтиёт қилиб, яқинлаштиришмаган. Она ва боланинг бахти, келажаги, соғлиги учун шундай қилишган. Эҳ, дунё, бевафо дунё… Нима тўғри-ю, нима нотўғрилигини бола туғилмасданоқ аввалроқ билганимизда қани эди. Ҳаёт ташвишларию, қувончларига тўла бу синовли замонда ҳар кимнинг ўз насибаси, тақдири, бахти, фожеаси бор… Аммо бандаси ношукрлиги туфайли, сабрсизлиги туфайли нафсини шайтоннинг гапига кириб қолганини, адашганини билмай қолар экан….Мана Нодира ҳам кўзи ёриб ўғиллик бўлди. Икки қиздан сўнг ўғил. Қандай бахт! Эри Собиржон ҳам дунёда энг бахтиёр ота! Нодира эрини эрталабдан бери кутиб ўтирибди. Биринчи қават деразасидан эрининг келаётганини кўриб, қувониб кетди. У ширин ҳаёллар оғушида бўлса-да, атайлаб эрини кўриб эркалик қилиб аразлаб олди. Чақалоғининг овқат сўраб йиғлаганини ҳам эшитмасди, ё эшитса ҳам парво қилмай, эри келишига айтадиган гапларини ўйлаб, режалар тузиб чиқди. Унинг бошқалардан қаери кам?! Мана энди унинг ҳам эри олдида тили узун. Энди у ҳам туғруқхонадан “лимузин”да чиқади. Дўст-душманлари бир кўриб қўйсинлар, ичлари куйиб ўлсинлар, дерди ўзича ичида. Шу лаҳзаларда Собиржон ҳам ўғиллик бўлганидан хурсанд бўлсада, бу ёғига тўрт жонни, онаси, ўзи билан олти жонни қандай боқишнинг ғамини еб, ташвишларини ўйлаб-ўйлаб, туғруқхонага етиб келганини билмай қолди. Аёлини, ўғлини ўйлаб кўнгли пича ёришди. Ўзинга шукр Аллоҳим, тирик яратганни қуруқ яратмагансан. Ризқимизни ҳалолидан ўзинг етказ, тинчлик хотиржамлик билан бер, деган ўйлар билан туғруқхонага кириб келди. Эшик олдида турган аёлга, хотинига олиб келган нарсаларини бериб юбориб, Нодирани чақирди. Биринчи қават деразасидан Нодиранинг тунд чеҳрасини кўриб, ҳол-аҳвол сўрашган бўлди.

– Полвон қалай, полвон!?- деб Собиржон аёлига илтифот кўрсатишга ҳаракат қилди. Хотинининг феълини билган Собиржон гап нимадалигини сўраб, Нодиранинг навбатдаги талабини эшитиб, капалаги учиб кетди.

– “Лимузин”! Қанақа “лимузин”! Ўзи “лимузин”им чиқиб ётибди-ку, Нодий, кейин секин овозини пастлатиброқ, хотинига илтижоли оҳангда ялинди:

– Нодий, илтимос, кўриб турибсан қарзларимни қистаб туришибди. Тағин ҳам инсофли, шафқатли одамлар экан, қарзни қистамай сабр қилиб кутишяпти. Тўй ҳаражатларига деб олган эдим. Сенга уйланганимга ҳам беш йилдан ошди. Ҳали ўша тўйдаги олган қарзларимни ҳаммасидан тўла қутулганим йўқ. Туғруқхонадан чиқишинг билан чет элга ишлагани кетаман, деб ўтирибман. Онамни, болаларимни, сени вақтинча ташлаб кетишга мажбурман. Қарзимни тўлашим керак хотин, тушун мени. Бош кўтариб юришим борган сари қийин бўлиб боряпти. Ҳозир сенинг олдингга ҳам йўлкирага пул топа олмай яёв келдим. Нима қилай. Сени бу ердан “лимузин”да эмас, ўғлим иккалангизни елкамда кўтариб олиб чиқаман. Бир умр бошимда кўтариб юраман. Озгина сабр қил, Нодий. Болаларимиз ҳаққи, гулим мени қийнама. Ҳали дояга суюнчи пулини бера олмай, изза бўлдим. Ёнимда пул йўқлигини биласанку, – деди.

Собиржон бир асабийлашиб, бир ялиниб хотинига. Нодирага Собиржонинг бирор гапи ҳам таъсир қилмади.- Уф! Жонимга тегди. Қачон қарасам, қарз, қарз! Беш йилдан бери қарз тўлайсиз. Қачон тугайди бу қарзларингиз?! -, деб эрини жеркиб берди.Собиржон ҳам қизиша бошлади:

– Мана шу қарзларни сени тўйимиздаги орзу-ҳавасларингни деб, орттирмадимми?! Нодира, айбим сени яхши кўришимми, сени кўнглингга қараб, дабдабали тўй қилиб қарзга ботганимми? Қанча-қанча исрофларни қилиб, гуноҳга ботдим. Сени орзу-ҳавасларингнинг бандиси бўлдим. Одамлар олдида юзим шувут, “қарздор” деган ном орттирдим. На еганимнинг тайини бор ва на уйқумда ҳаловат бор. Яна сени олдингда айбдорманми? – деб асабийлашди. Нодира ҳам бўш келмай, эрига бидирлаб урушиб ташлагудек:

– Вой, битта сизми шунақа тўй қилган. Ҳамма қиляпти-ку! Мени бошқалардан қаерим кам. Ўзи мен аҳмоқ эканман, сизга тегиб, – деб юборди. Нодира ҳам қизишиб кетди, лекин шу вазиятда ҳам Собиржон оғирлик қилди.

– Нодира, бу кунлар ҳам ўтар. Ҳаммаси яхши бўлиб кетар. Ҳозирда онам касал бўлсалар, қандлари ошган, даволанинг десам, кўнмайдилар. Болаларинг бор болам, хотинингни кўнглига қара, биз кетадиган одаммиз. Сизлар яхши яшанглар. Сен бахтли бўл, деб ўтирибдилар. Бечора онамнинг дориларига пул топиб беролмаяпманку, биргина ўғиллари бўлсам. Сен яна “лимузин” дейсан, – деб Собиржон аёлига таънали кўзлари билан қаради. Эрининг бу гаплари Нодиранинг тутаб ётган юрагига мой сепгандек, ловиллатиб юборди. Эрига бобиллаб берди.- Онам, онам, яна онамми, қачон қарасам онам дейсиз! Ҳеч бўлмаса, шу ерда айтманг! Мен ҳам онаман, она бўлиб сизга қўчқордек ўғил туғиб бердим. Шу ерда ётган туққан аёллардан қаерим кам экан, айтинг? Одамлар эплаганда нега сиз ҳеч нарсани эплай олмайсиз. Нима мен арзимайманми? “Лимузин”да чиқаман деб, ўртоқларимга мақтаниб қўйган эдим, – деб йиғлаб юборди.Собиржоннинг ҳам сабр косаси йиллар давомида тўлиб борган эканми, у ҳам бирдан портлади.- Биринчидан, онамга тил теккизма, мен ўғил бўлиб онамга нима қилиб бердим! Онам учун ҳеч нарса қилмаган ўғилман. Улар ҳам мени доим тушунганлар, аяганлар, ўйлаганлар. Боқиб катта қилиб, ҳозирда болаларимизга ҳам қараб ўтирибдилар. Пенсияларини ҳам ўзлари ишлатмай, рўзғорнинг ками-кўстига ишлатадилар. Сен келин бўлиб онамга ҳатто одамга ўхшаб муомала қилишни ҳам билмадинг. Ўзингга ўхшаган келин учраса нима қиласан. Ўйлаб гапир, – деди Собиржон ўзини босишга ҳаракат қилиб.

– Четга жонимни гаровга қўйиб, онамни, оиламни вақтинча ташлаб, ишлагани кетаман. Қарзларимдан қутулган куним “лимузин”да эмас, осмонларда парвоз қилдираман сени. Яхши кунларимиз ҳам келиб қолар. Аммо ҳозир сенинг ҳавойи орзуларингни бандиси бўлишни истамайман. Ўйлаб иш қил, Нодира. Кўрпангга қараб оёқ узат, деган гаплар ҳам бор-ку, -деди Собиржон асабийлашганидан юзлари қизариб.Аммо Нодиранинг кўзи “Маша” ва “Айиқполвон”нинг ҳатти-ҳаракатларида эди.- Собир ака! Анави одамларни кўрдингизми, чақалоққа куёвнинг кийимини кийдириб қўйишибди. Ана орзу-ҳавас! Оқ лимузинга мос кийинибди, ойиси ҳам, – деб ҳали ҳам ўз айтганини ўтказишга ҳаракат қиларди. Ўша эски қайсарлигини давом эттирарди. Собиржон бир сония “Маша” ва “Айиқполвон” кийимидаги ўспиринларга қаради-ю, кўзига ўзи айиқполвон, хотини ўжар, қайсар, ёш бола Маша бўлиб кўриниб кетди.Вазиятни юмшатиш учун, ҳозирги ҳолатини хотинига тушунтириш учун охирги марта Собиржон хотинини инсофга, сабрга, шукрга чақирди.- Нодий, шукур қилайлик, озгина сабр қилайлик, илтимос, гулим, ҳаммаси худо хоҳласа яхши бўлади. Гап “лимузин”да эмас, гап бир-биримизни тушунишимизда, аяшимизда!!! Биз Аллоҳ берган умрни бир умр қўша қариб ўтказайлик. Уйда онам, қизларимиз кутиб турибди. Сизлар ҳам эрта-индин борасизлар, болаларимизнинг ризқини ҳеч қандай “лимузин”га алмашмайман. Нодира, “лимузин”дан умидингни уз. Қора “лимузин” ҳам, оқ “лимузин” ҳам ҳаётимизни чиройли қилолмайди. Ярим соатга пулни исроф қилиш яхши эмас. Сен билан ўғлимизни дўстим Дониёрнинг машинасида бу ердан олиб чиқамиз. Онангга айтиб қўй, чақалоқ келиши билан уйимизда йиғин ҳам қилмаймиз. Қовурдоқ қилиб, одамларни йиғиб, бизни ҳам, ўзларини ҳам қийнамасинлар. Болага чилла сақлаб, асраб-авайлайлик. Сенга “Маша ва Медведь” керак бўлса, ана сен “Маша”, мен эса ўша “медведь”, айиқполвонман, – деб, аёлини ҳазиллашиб кулдиришга ҳаракат қилиб, хотинини қўлидан ушлаш учун деразага қўл чўзмоқчи бўлди. Аммо Нодира эрининг қўлидан қўлини олиб қочди. Энсасини эрига қотириб:- Кароче, Собир ака! Ё мени бу ердан “лимузин”да олиб кетасиз, ё мен шу ердан тўғри онамникига кетаман. Сизни уйингизга “лимузин”сиз кетмайман. Хоҳлаганингизни қилинг, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган эркак билан яшаб чарчадим, – деди Нодира эрининг гапларини чўрт кесиб, лабларини чўччайтирган ҳолда.Уч кундан бери туз тотмаган боласининг, онасининг дорисига пул топиб беролмай турган пайтдаги ҳолатида Собиржонга хотинининг гаплари суягига пичоқ санчгандай оғир ботди.Шу лаҳзада унинг кўзига уч кун олдин дунёга келган, ўзи учун бир умр кутган ўғли ҳам, икки нафар кўзлари мунчоқдек қизлари ҳам кўринмади. Қаршисида уни тушунмайдиган, қадрламайдиган, аямайдиган, худо бехабар, ношукр, бесабр, сочлари паҳмоқ, ўзи бир ахмоқ ялмоғиздек бир аёл турарди. Наҳотки, Собиржон ёр танлашда адашди. Наҳотки, Собиржон шу ялмоғиз билан яна бир умр бирга яшайди. Мана шу ахмоқ аёлнинг орзулари бандиси бўлиб яшайди… Онасини бир умр кўнглини олишга имконият тополмай яшайди. Фақат унинг нафсининг айтганларини қилиб яшашга маҳкумми у?! Келажакда яна уни бу аёл билан яна нималар кутади. Собиржон бир қарорга келганини англади. У сокин, аммо қайғули овозда:- Майли, хоҳлаган ерингга кетавер. Майли айтганимни қилмасанг, тўрт томонинг қибла.Умрида эридан бундай муомалани кутмаган Нодира кўзини ола-кула қилиб:- Нима?! Нималар деяпсиз?! Бу нима деганингиз, -дея бақирди.Собиржоннинг кескин сўзлари унинг овозини кесди:

– Сенга эринг, оиланг эмас, шу ярим соатга ўтирадиган “лимузин” керак экан. Менга сендек аёл керак эмас! Учталоқсан! – Собиржоннинг овозлари титраб кетди. Аршни ҳам ларзага келтирувчи бу оғир сўзлар залворидан туғруқхона, чиллахона ҳам титраб кетгандек бўлди. Нодиранинг назарида зилзила бўлгандек эди гўё. Бўлар иш бўлди!Ичкаридан уйғонган, оч қолган чақалоқнинг овқат сўраб йиғлагани эшитиларди. Чақалоқнинг йиғисини на ота, на она эшитмас эдилар. Ташқарида карнай-сурнай авжида. Дунёда битта оила барбод бўлгани билан шайтон ва шайтонваччалар хурсанд бўлиб рақсга тушиб байрам қилаётгандек эди…

Каромат Тиллаева

Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар

масалалари бўйича маслаҳатчисичиси