“Сарҳисоб – 2017” ғолиблари аниқланди

239

Мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб этиш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, Ислом дини таълимотларини тарқатиш ва турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни тўғри тарбия қилишда фаоллик кўрсатган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида «Сарҳисоб» танлови ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.

Ушбу анъанага мувофиқ бугун, 30 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида танловнинг Республика босқичи бўлиб ўтди. Танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент ислом университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Бу йилги танлов ҳар йилгидан ўзгача тарзда ташкил этилди, яъни унинг ҳудудий босқичлари ҳам ўтказилди. 2017 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг
1 октябргача газета ва журналларда босил­ган, радио орқали эфирга узатилган, телевидениеда кўр­са­­­тилган ва Интернет тармоғида эълон қилинган материал­лар танловда иштирок этди. Ҳу­­­дудий босқич ғолиблари республика босқичида қат­на­шиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Танловнинг республика босқичи «Жаҳолатга қарши – маърифат» шиори остида ўтказилди. Республика босқичи ғо­либлари ҳудудий босқичда ғолиб чиққан иштирокчилар ора­­сидан сараланди.

Ғолибларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нутқ сўзладилар. Муфтий ҳазратлари, бугунги кунда юртимиздаги шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотларни ва динимиз равнақи йўлида қилинаётган ишларни ижодкор ходимлар кечаю кундуз, тиним билмай кенг халқ оммасига намойиш этишда жонбозлик кўрсатаётганини алоҳида қайд этдилар. Мўмин-мусулмонлар манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган ижод аҳлининг даъваткор сўзи, ибратли фаолиятига таҳсинлар айтдилар. Ижод аҳли Аллоҳ таолонинг «(Эй Муҳаммад,) Раббингиз йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!..» (Наҳл, 125) деган хитобига амал қилган ҳолда ислом маърифатини тарқатишда янада собитқадам бўлиб, берилган имкониятлардан тўла фойдаланиш даври келганини алоҳида таъкидладилар. Танлов ғолибларига тақдим этилган совғалар рамзий экани, энг олий мукофот эса Яратган Парвардигорнинг ҳузурида бўлишини қайд этиб ўтдилар.

Шундан сўнг, телевидение, радио, матбуот ва Интернет йўналишларида энг яхши деб топилган ижодий ишларнинг муаллифлари ҳамда ушбу йўналишда алоҳида намуна кўрсатган тарғиботчилар қуйидаги йўналишлар бўйича махсус диплом ва қимматбаҳо мукофотлар билан тақдирландилар.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, ғолибларни қутлар экан, танловнинг бугунги кундаги аҳамияти, ижод аҳлининг самарали меҳнати ва уларни рағбатлантиришнинг фойдали жиҳатлари ҳақида гапирди. Шунингдек, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги директори Лазиз Тангриев сўзга чиқиб, ҳар бир мавзуни ўзининг профессонал мутахассислари ёритиши ҳақида гапириб, бу борада диний соҳа ходимлари, уламолар ва имом-хатиблар жуда фаол иштирок этаётганига алоҳида урғу берди. Шунингдек, у Президентимиз раислигида 29 декабрь куни миллий кино санъатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтганини билдириб, Президентимиз  буюк боболаримиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Имом Насафий ҳаёти ҳақида ҳам фильмлар олиш кераклигини айтганига алоҳида тўхталди.

“Сарҳисоб – 2017” ғолиблари билан танишинг:

Матбуот йўналиши бўйича:

1-ўрин Одилхон Исмоилов (Тошкент шаҳар «Шайх Зайниддин» масжиди имом-хатиби);

2-ўрин Муҳтарама Улуғова (“Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири);

3-ўрин Жаҳонгир Жўраев (Дин ишлари бўйича қўмита ходими).

 

Телевидение йўналиши бўйича:

1-ўрин Ҳайитов Шуҳрат (“Ўзбекистон” телеканали “Маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлар” бош муҳарририятининг бош муҳаррири);

2-ўрин Уйғун Ғофуров (Тошкент ислом институти ректори);

3-ўрин  Илҳом Маърупов (“Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири);

Интернет йўналиши бўйича:

1-ўрин Раҳматулла Сайфуддинов (Тошкент шаҳридаги “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби);

2-ўрин Олимхон Юсупов (Самарқанд вилояти “Махдуми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби);

3-ўрин Зоиржон Содиқов (Тошкент шаҳар вакиллиги ходими).

 

Радио йўналиши бўйича:

1-ўрин Шамсиддин Бауатдинов (Қорақалпоғистон Республикаси мусулмонлари қозиёти қозиси);

2-ўрин Хайрулло Турматов (Тошкент вилояти бош имом-хатиби);

3-ўрин Фарҳод Абдуллаев («Зиё» медиа маркази вакили).

 

Йилнинг энг фаол тарғиботчиси:

1-ўрин Раҳимберди Раҳмонов (диний идора Масжидлар бўлими мудири);

2-ўрин Нозима Ибрагимова (“Хадичаи Кубро” билим юрти мудираси);

3-ўрин Дамин Жумақулов (“Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири).

Click to enlarge image 17.jpg

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати