Россияда ишлаш учун патент ва рухсатнома берадиган махсус марказ Ўзбекистонда очилиши мумкин

31

Ўзбекистон ва Россия истиқболда пенсия келишувини имзолаши мумкин. Бу ҳақда «Известия» билан суҳбатда РФ меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Максим Топилин айтиб ўтган.

Kun интернет нашрининг ёзишича, россиялик вазир Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида ушбу давлат делегацияси таркибида бўлган.

Россия Меҳнат вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон ўз ҳудудида Россияда ишлаш учун патент ва рухсатнома берадиган махсус марказни яратишни ҳам таклиф қилмоқда.

Давлат ташрифи доирасида Россия Федерацияси меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Максим Топилин ва Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қутбиев ижтимоий меҳнат соҳасида ҳамкорлик тўғрисида идоралараро меморандумни имзоладилар. Меҳнат вазирлиги раҳбари Максим Топилиннинг «Известия»га айтишича, истиқболда давлатлар пенсия келишувини имзолашлари мумкин. Вазирнинг айтишича, гап қонуний равишда Россия Федерациясида ишлаган ва тегишли тўловларни амалга оширган Ўзбекистон фуқароларига муайян пуллар тўланиши ҳақида кетмоқда.

Ўзбекистон томонининг яна бир ташаббуси — республикада махсус марказ ташкил этилиши, у меҳнат мигрантларига Россияга кетгунга қадар патент ва иш рухсатномаларини тақдим этиши керак бўлади, деб хабар берди меҳнат вазири.

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Қутбиев ва Россия Федерацияси меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Максим Топилин томонидан ижтимоий меҳнат соҳасида ҳамкорлик тўғрисида имзоланган идоралараро меморандум бир қатор йўналишлар бўйича ҳамкорликни назарда тутади. Бу меҳнат бозорини таҳлил ва мониторинг қилиш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш ҳамда хорижий ишчи кучини ташкилий жалб қилиш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқалар. Биргаликда маслаҳат органлари тузилади, иш билан таъминлаш соҳасида тажриба алмашиш учун ўзаро ташрифлар ташкил этилади.

ЎМИ Матбуот хизмати