Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг зуҳдлари

16

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг зуҳдлари дунёнинг фонийлигини, унинг тезда ўтиб кетишини, озуқаси озлигини ва умрининг қисқалигини билган кишининг зуҳди эди.

Охиратнинг боқийлигини, Аллоҳ таоло унда валийларига доимий неъматларини тайёрлаб қўйганлигини, буюк ажр борлиги ва унда абадий қолиш борлигини билган кишининг зуҳди эди.

Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга дунёдан фойдаланиш кенг қилиб қўйилган бўлсада, мабодо тоғларни тилло ва кумуш бўлишини хоҳлаганларида, улар тилло ва кумуш бўлиши мумкин бўлсада, дунёдан нафас тўхтаб қолмаслиги учун етарли бўлган, ташвишу оғирликларни кетказадиган миқдордан бошқасини рад этдилар, зуҳд ва камсуқумликни афзал кўрдилар

У зот гоҳида оч юрар, ойлаб уйларида қозон осилмас, баъзи кунлар давомида очликни қондирадиган даражада хурмо ҳам топилмай, оч юрар эдилар.

У зот ҳеч бир вақт кетма-кет уч кунгача арпанинг унидан бўлган нондан қорнилари тўймаган. Кўпинча сутнинг ўзи билан кифояланар, токи Аллоҳга йўлиққунларича бир кун тўқ ва бир кун оч бўлар эдилар.

У зот бўйранинг устида ётар эдилар ва ёнбошларида бўйранинг изи қолар эди. Очликдан қорниларига тош боғлаб олар ва кўпинча саҳобалар у зотнинг юзларидан очликларини билиб олишар эдилар.

У зотнинг уйлари лойдан, ичи тор ва шифти паст эди. Бир куни совутларини гаровга қўйиб, бир яҳудийдан ўттиз соъ арпа олиб турдилар. Кўпинча кўйлак ва изор билан кифояланар эдилар. Ҳеч бир вақт таомни пешхон (овқатланиш столи)да емаганлар. Кўпинча саҳобалар Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга таом юборар эдилар. Буларнинг барчаси нафсларини дунё кирларидан асраш, динини ҳимоя қилиш ва Роббисининг ҳузуридаги ажрнинг комил бўлиб қолишлиги ҳамда Мавлосининг “Ва тезда Роббинг сенга ато қиладир ва сен рози бўлурсан”(Зуҳо сураси 5-оят) деган ваъдаси у зотга рўёбга чиқиши учун эди.

У зот молларни шу қадар тақсимлаб берар эдиларки, ҳатто ўзларига бир дирҳам қолмас эди. Туя, мол ва қўйларни саҳобалар ва бошқаларга шу даражада бўлиб берар эдиларки, ўзларида на туя, на мол ва на қўй қолар эди. Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар менда Тиҳома чуқурларининг дарахтлари мислича мол дунёим бўлганида уни тақсимлаб берар эдим. Сўнг сизлар мени бахил, ёлғончи ва қўрқоқ, иродасиз деб билмасдиларингиз”.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам қаср бино қилмадилар, мол-дунё йиғмадилар, у зотнинг хазиналари ҳам, меваси ейиладиган боғлари ҳам бўлмаган. У зот ўзларидан сўнг боғ ва экинзор ҳам қолдирмадилар. У зот дедилар: “Биз мерос қолдирмаймиз, бизнинг қолдирган нарсамиз садақадир”. (Бухорий ривояти 3093-ҳадис). У зот доимо сўзлари ва амаллари билан мусулмонларни дунёда зуҳдга ҳамда охиратга тайёрланиш ва бунинг учун амал қилишга даъват этар эдилар.

У зотга подшоҳлик билан бирга расул бўлиш ёки оддий инсон бўлиб расул бўлиш ихтиёри берилганда, у зот оддий инсон бўлиб расул бўлишни ихтиёр қилганлар.

У зот алайҳиссаломнинг дунёдаги зуҳдларининг яна бир кўриниши, ул зоти бобаракотнинг сахийликларидир. Ҳеч қачон сўровчини қайтармас ва тўсмас эдилар. Дунё Аллоҳ таолонинг наздида чивиннинг қанотичалик арзимас ва баробар эмас, деганлар. Ҳадисда: “Дунёда ғариб ёки бир онлик ўтиб кетувчи каби бўл”, деганлар. (Бухорий ривояти 6416-ҳадис)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳд борасида яна шундай марҳамат қилганлар: «Дунёда зоҳид бўл, Аллоҳ сени яхши кўради. Инсонлар ҳузурида зоҳид бўл, инсонлар сени яхши кўришади».

 

 

Манбалар асосида Юнусобод тумани

“Кулол-Қўрғон” жомеъ масжиди имом-хатиби

Абдураҳмонов Яҳё тайёрлади