Оламни танитган устозим менинг

201

          Бу оламга келган ҳар бир инсоннинг устози ва мураббийи бўлиши лозим ишлардандир. Ёшлигида ота-она қўлида бўлсин, боғчада ёки мактабда бўлсин, албатта устознинг таълими олинади. Айниқса ҳозирги ривожланиб бораётган замонамизда илму-ирфон истаб юрган ҳар бир ёшлар устозга муҳтождирлар. Устозлар сабаб инсоният бахт ва саодат, маърифат ва маънавият асосларини ўрганади. Дунёга бошқача қарайди. Фикри кенгайиб боради. Яхши ва ёмоннинг фарқига боради. Бу ишларга эса устоз сабабчидир. Демак устозларимизнинг даражаси бениҳоя улуғ ва буюкдир. У ҳоҳ диний ёки дунёвий устоз бўлсин, уларнинг ҳурмат даражаси бир ҳилдир. Устозларимизнинг ҳақларини билиб, уларнинг ҳурматини бажо айлаш важиб саналади. Бу ҳақда ҳазрат   Али розияллоҳу анҳу айтадилар:

—  «Қуйидагилар муаллимнинг ҳақларидан ҳисобланади: Одамларга умумий салом бериб, унга хоссатан салом беришинг; унинг рўпарасида ўтиришинг, унинг ҳузурида қўл билан ишора қилмаслигинг ва кўз қисмаслигинг; фалончи сиз айтган гапнинг хилофини ‒ тескарисини айтди, демаслигинг; унинг олдида бировни ғийбат қилмаслигинг; унинг олдида ҳамнишининг билан маслаҳатлашмаслигинг;  у ўрнидан турганида кийимидан тортмаслигинг; у чарчаган вақтда бирор нарса талаб қилмаслигинг; унинг суҳбатидан юз бурмаслигинг».

Ҳа, азизлар! Чиндан ҳам устозлар карами кенг зотлардир.  Уларнинг дуолари мустажоб, ниятлари пок ва самимийдирлар. Шоир шундай дейди:

                              Қиѐс этгим келади устозларни қуѐшга,

Ўз меҳрини – қўрини бахш этади ҳар ѐшга.

       Билганингда суюниб, билмай қолсанг куюнгай,

Тасаннодур минг бора устоздаги бардошга

  Устоз йўли порлоқдир, устоз йўли ѐруғдир,

Устоз кўнгли хазина, саховатга тўлиқдир.

Етсанг устоз қадрига, элинг сени ардоқлар,

      Мўмин, билсанг, устозинг отангдайин улуғдир

“Хўжа Аламбардор” жоме

 масжиди имом хатиби:

Раҳимберди Раҳмонов