Муфтий ҳазрат Мадина ислом университети талабалари билан учрашдилар

152

29 июль куни Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги “Жавҳарат ал-Рашид” меҳмонхонасида Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан Мадина ислом университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан самимий мулоқот қилишди.
Учрашувда муфтий ҳазратлари бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчиликларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, хусусан, охирги икки йил давомида диний-маърифий соҳадаги кенг қамровли ўзгаришлар тўғрисида талабаларга гапириб бердилар. Айниқса, диёримизда диний ибодатларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани, катта қулайликлар ва енгилликлар ташкил этилгани ҳақида сўзладилар. Шунингдек, халқаро илмий-тадқиқот марказлари, илмий мактаблар фаолияти ва диний таълим муассасаларида “Араб тили”, “Қуръони карим ва тажвид” каби йўналишларда ўқув курслари очилганини алоҳида қайд этдилар.
Сўзга чиққан нотиқлар давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан диний соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича жуда катта ишлар қилинаётганини билдириб, айниқса, муҳтарам Президентимиз томонларидан имзоланган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги тарихий Фармон барча мўмин-мусулмонларимизнинг кўнглини тоғдек кўтаргани, халқимиз томонидан катта хурсандчилик ила қарши олинганини изоҳладилар. Айниқса, Ўзбекистондаги халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари, илмий мактаблар ва “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Мулоқотда Ислом тинчлик ва маърифат дини экани, ҳар қандай зулм ва зўравонликка қарши туриши, ҳозирги мураккаб даврда барчани огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашга чорлаш юксак вазифа экани тўғрисида сўз юритилди.
Талабалар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Жумладан, улар хорижда таълим олганларнинг дипломларини нострификация қилиш, яъни хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида ушбу ҳужжатларнинг қонуний кучга эга эканига розилик бериш ишлари қандай кетаётгани ҳақидаги саволларига тўлиқ маълумотлар олишди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

ЎМИ Матбуот хизмати