МУФЛИС КИМ?

620

Луғатда «муфлис» деб “сариқ чақасиз қолмоқ”, “камбағаллашмоқ”, “банкрот бўлмоқ” деган маъноларга айтилади.

Шаръий истилоҳда эса… Келинг, яхшиси буни билиш учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларига қулоқ тутайлик:

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муфлис кимлигини биласизларми?» – дедилар. «Бизнингча, муфлис дирҳами ҳам, матоҳи ҳам йўқ одам», – дейишди. «Умматимдаги муфлис қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган, аммо буни сўккан, уни зинода айблаган, бунинг молини еган, унинг қонини тўккан, бунисини урган одамдир. Унинг яхшиликларидан унисига ҳам, бунисига ҳам олиб берилади, зиммасидагилар битмай туриб яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг гуноҳларини олиб, бунинг (муфлиснинг) устига ташланади, кейин ўзи дўзахга ташлаб юборилади», – дедилар». (Имом Муслим, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоятлари)

Демак, “муфлис” бу дунёда намоз, рўза ва закот каби фарз амалларни бажариш билан бирга, одамларга турли хил ёмонликларни қилган кимса бўлар экан. Аммо у фарз ибодатлардан ташқари, қанча кўп нафл ибодатлар қилиб, бир дунё савоблар билан келса ҳам, ўша даҳшатли Кунда оғир аҳволда қолиши муқаррар экан. Чунки, Қиёмат куни адолат тарозиси ўрнатилиб, Аллоҳ таолонинг Ўзи барчанинг устидан ҳукм қилади. Бу дунёда жазосиз қолган ҳар бир айбимиз учун, тавба қилинмаган ҳар бир гуноҳимиз учун бирма-бир жавоб берамиз.

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда: «Набий алайҳиссалом: «Мўмин киши таъна қилувчи, лаънат айтувчи, фахш (бузуқ) сўзларни айтувчи ва уятсиз бўлмайди дедилар». (Бухорий ва Муслим ривояти)

Эвоҳ , биз бечораларнинг ҳолимиз қанчалар оғир. Чунки, бугун кўпчилик эркаклар тугул, аёлларимиз ҳам бемалол сўкиниб гапирадиган, уят ва фаҳш сўзларни тортинмай қалаштириб ташлайдиган бўлиб қолганлари ҳеч кимга сир эмас.

Ана энди юқоридаги иккала ҳадисдан ўзимиз учун хулоса чиқарсак, аҳволимиз анча оғирлиги маълум бўлади. Яъни, агар кимнидир сўккан бўлсак, уят ва фаҳш сўзларни айтиб юрган бўлсак, кимгадир таъна қилиб уялтирган бўлсак, бор айбини орқасидан гапириб ғийбат қилган бўлсак, йўқ айбини айтиб туҳмат қилган бўлсак, хусусан, покиза аёлларни билиб-билмай зинода айблаган бўлсак, кимнингдир ҳақини бермай ёки қарзимизни қайтармай хиёнат қилиб юрган бўлсак, кимгадир қўлимиз билан, кимгадир тилимиз билан озор етказган бўлсак, ана энди, Қиёмат куни ҳақиқий банкрот бўлиб, инқирозга учраб, қочгани жой тополмай қолар эканмиз. Бу дунёда киши касодга учраб бойлигини йўқотиб бирдан банкрот бўлиб қолса, ҳали тирик экан, Аллоҳ таолодан сўраб ҳаракат қилса, аҳволи ўнгланишига умид қилса бўлади. Афсуски, Қиёматдаги савол-жавобдан кейин ҳеч кимга бир дақиқа ҳам имконият берилмайди. Аксинча, қилган барча ноҳақ ишларимизнинг ҳақини савобларимиз билан тўлаб, бир умр ибодат қилмай юрган энг ожиз мусулмон каби ночор турганимизда, ўша ўзимиз озор берган одамларнинг гуноҳлари ҳам устимизга ортилиб, мана шу гуноҳлар туфайли, аслида ўзимиз қилмаган гуноҳлар туфайли жаҳаннам оловида ёнишга маҳкум бўлар эканмиз.

Аллоҳ асрасин! Бир кўз олдингизга келтириб кўринг-а, Қиёмат куни ўзингизча хурсанд бўлиб, жаннатдан умид қилиб, ўзингизни жаннатга лойиқ кўриб турибсиз. Шу пайт, бирдан, сиз дилига озор берган, қай бир жиҳатдан зулм қилган, ҳақини поймол қилган одамлар келиб атрофингизни ўраб олишади. Кимдир қўлингизга, кимдир сочингизга, кимдир ёқангизга ёпишади… Бири «менга фалон куни зулм қилгансан», деса, яна бири «мени сўккансан», дейди. Бошқаси «мени ҳақорат этгансан», деса, яна бири «мени ғийбат қилгансан», дейди. Яна кимдир «мен билан олди-берди қилдинг, лекин алдадинг», деса, бошқаси «молнинг айбини мендан яшириб сотдинг», дейди…

Энг ачинарлиси шуки, умр бўйи тер тўкиб топилган савоб-у яхши амалларимиз у Кунда ҳақларини сўраётган даъвогарлар ҳисобига ўтказилиб ва камига уларнинг гуноҳлари бўйнимизга ортилиб бўлгач, бундай қарасак, ўзимизга ҳасратдан бошқа ҳеч нима ишлаб топмаган бўламиз.

Эй, азиз биродарим, шуни билинг-ки, Қиёмат куни фақат одамлар орасидаги ҳақларгина эмас, балки барча махлуқотлар орасидаги ҳақлар ҳам ўз эгаларига қайтарилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида шундай дедилар: “Қиёмат куни ҳақлар албатта ўз эгаларига топширилади. Ҳатто, шохли қўчқордан шохсиз қўчқорга қасос олиб берилади”. (Имом Муслим ривояти)

Азизлар, келинг ушбу эслатмадан керакли хулосалар чиқарайлик, бу ўткинчи дунёга алданиб қолмасдан, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлиб, бир-бирларимизнинг айбларимизни беркитиб юришга ўрганайлик. Озгина бўлса ҳам ноҳақлик қилишга Аллоҳ таолодан қўрқиб яшайлик!

Аллоҳим! Эй Меҳрибон Роббимиз! Ё Роҳийм Билиб-билмай қилган гуноҳларимизни Ўзинг кечир. Охиратда муфлис сифатли мўминлардан бўлиб қолишлигимиздан Ўзинг паноҳ бер! Омийн, ё Роббал оламийн!

Дониёр Файз

Манба:vakillik.uz