Мустақиллик шарофати

74

Аллоҳга шукрки, мустақиллик байрами арафасида турибмиз. Бу кунлар бизнинг энг қадрли ва шарафли кунларимиздан биридир. Айнан мустақиллик шарофати туфайли эътиқодимиз, ишончимиз ва умидларимиз рўёбга чиқди. Орзуларимиз амалга ошди. Бугунга келиб юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда. Ислом Академиясининг қурилиши, ислом цивилизацияси марказининг қурилиши ва бошқа жабҳаларда олиб борилаётган оқилона сиёсат ўз мевасини бермоқда.

Мустақиллик йилларида тарихда олтин саҳифаларни битиб кетган аждодларимиз сиймолари қайтадан тикланди. Имом Бухорий, имом Термизий, Имом Мотуридий, Марғилоний, Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Фаробий, Ибн Сино, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур, Аҳмад Яссавий, Сўфи Аллоҳёр, Авлоний, Беҳбудий, Фитрат каби минглаб буюк зотлар ёзган китоблар билан танишиш имкониятига эга бўлдик.

Мустақиллик  шарофати билан мазкур буюк аждодларимиз яна қадр топди, уларнинг номлари тикланди, тарихлари, асарлари ўрганила бошланди.

Шунингдек, бугун ёшларимизнинг  таълим олишлари учун ҳам барча шароитлар яратиб берилди. Аллоҳга шукрки, истиқлол шарофати ила миллий — диний қадриятлар қайта тикланди, мўмин — мусулмонларнинг орзу-умидлари амалга ошди. Мустабид тузум даврида Ўзбекистонда бор-йўғи 89 та масжид чекланган шароитда фаолият юритган бўлса, ҳозирда республикамизда 2000 дан ортиқ  масжид мусулмонлар учун хизмат қилмоқда.

Йил бошида бўлиб ўтган Қуръони карим мусобақаси қалбимизда шодлик ва сурурни зиёда қилди. Айниқса, Рамазон ойида республикамиздаги мингга яқин жомеда хатми Қуръон ўқилиши ва икки мингдан зиёд масжидда таровиҳ намози адо этилиши катта бахтдир. Шундай улуғ ишларга юртимизнинг 1200 нафар қори йигитлар жалб этилгани улкан саодатдир. Қориларимиз Европа, Россия ва ҳатто АҚШ каби мамлакатларда ҳам диний — маърифий тадбирларда хатми қуръон қилиб бермоқдалар. Буларнинг барчасига шукр қилмоғимиз лозим.

Ҳадисда шундай дейилади:

“..Аллоҳнинг неъматлари ҳақида гапириш шукрдир. Шукрни тарк қилиш нонкўрликдир. Кўпчилик билан бўлиш (Аллоҳнинг) раҳматидир, (кўпчиликдан) ажралиш эса азобдир”.

(Имом Бухорий ривояти)

 

 

 

“Хўжа Аламбардор” жоме

масжиди имом хатиби:                     Раҳимберди  Раҳмонов