Муаллиф

Раҳмонов Раҳимберди Эргашевич 1977-йил 8-октябрда Тошкент вилояти Бўка тумани О.Йўлдошев ж.х.да зиёли хонадонда туғилди.
1984-1992 йилларда Бўка туманидаги 25-ўрта мактабда ўқувчи.

1992-йил ўрта мактабни тугатгач, шу йилнинг ўзида  “Мир Араб” мадрасасига қабул қилиниб  1994- йилда аъло баҳолар билан тамомлади.
1995- йилда  Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ўқишга киради.
1999- йилда ислом олийгоҳини имтиёзли битирди.
2000-йилдан  Тошкент шаҳар  Хамза тумани “Холид ибн Валид” жомеъ масжиди имом-хатиби этиб таъйинланди. Ушбу масжиддаги фаолияти 2012-йил январ ойига қадар давом этди. 2007-йилдан Хамза тумани бош имом-хатиби вазифасига  таъйинланди.
2012-йилнинг 19-январидан Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг буйруғига асосан Юнусобод тумани бош имоми ва “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби вазифасига таъйинланди ва икки йил давомида Юнусобод туманида жуда катта ҳажмда ҳайрли ишларни амалга оширдилар. Қаторасига икки йил изланувчанлиги ва талабчанлиги учун Юнусобод тумани ҳокими томонидан махсус ишонч ёрлиғи билан тақдирландилар.
2010-йилдан  “Кўкалдош” мадрасасида мударрислик вазифасида ҳам хизмат қилди.
2014-йилдан 13 ноябрдан 02/ШТ 290-сонли буйруғи билан “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби  ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар вакили ўринбосари, 2017 йил 28 сентябрдан Тошкент шаҳар вакили ўринбосари вазифасидан озод этилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 02/ШТ 672-сонли буйруғига асосан  Масжидлар бўлими мудири вазифасига тайинландилар ва айни вақтда ушбу  лавозимда ишлаб келмоқдалар.
Устоз мадрасада битирувчи курс талабаларига имомлик фаолиятининг асосий жабҳаси хутба ва жамоага сўз айтиш  санъатидан таълим бериб келмоқда.
Оилали, 5 нафар фарзанди бор.
Раҳимберди Раҳмонов  имом-хатиблик вазифаси баробарида  барча  жамоатчилик ишларида ҳам жуда фаол иштирок этиб келмоқда. Масжид ҳудуди атрофидаги  Камолон, Янгиобод, Катта боғ, Чарх-Камолон ва унга ёндош бўлган маҳаллаларда  фаоллар билан ҳамкорликда халқ орасида, ёшлар орасида диний-маърифий, ахлоқий-тарбиявий мавзуларда турли сухбатлар олиб бормоқдалар. Барча мутасадди раҳбар ташкилотлар тарафидан кўрсатилган вазифаларни ўз вақтида бажаради. Шунингдек, Раҳимберди Раҳмонов  оммавий ахборот воситаларида ҳам мунтазам диний маърифий суҳбатларда иштирок этиб туради.
Шу кунга қадар Раҳимберди Раҳмонов, илмий-ижтимоий, диний-маърифий мавзудаги вақтли матбуотдаги журналлар, газеталар ва интернет сайтлари, ЎМИ нинг даврий нашри Ҳидоят журнали ва Ислом нури газеталарида  диний-маърифий мавзудаги мақолалари чоп этилган.
Раҳимберди домла 2011 йилда нашр этилган “Исломда фарзанд ҳуқуқлари” номли китоби,  ва 2012 йилда  жума мавъизалари жамланган  СD албомини мухлислар эътиборига ҳавола этди.
2012-йилдан  устоз тарафидан  Xatib.uz сайтининг очилиши мухлислар учун катта янгилик бўлди.
Устозимизнинг олиб бораётган барча вазифаларида Буюк Робимиздан ғайрат ва шижоат сўраймиз.