Маънавият ва маърифат инсон камолидир

248

Инсоният яралибдики у маънавият ва маърифатга муҳтождир. Ҳаётнинг қайси жабҳасида  бўлмасин, камолот билан яшаш асосий мақсадимиздир. Аллоҳ таоло инсонга ақл ва заковат берди. Фаросат ва балоғат берди. Токи маънавият билан яшаш учун. Аслида бу икки сўзнинг келиб чиқиши араб тилига боғланади. Яъни:  —  «Маърифат» сўзи «арафа» феълидан олинган «миймий масдар»дир. Унинг маъноси – «билимдонлик». «Маънавият» эса «маъно» сўзининг жамъи бўлиб, моддийнинг тескариси – «моддий бўлмаган нарсалар» маъносини англатади. Албатта бу таърифотлар луғавийдир. Бу сўзларнинг асли ички маънолари ҳам борки, олийлик ва даражаларни акс этади. Мисол учун ўрта асрларда яшаб ижод қилишган алломаларни олайлик. Улар ҳаётларидан ва манфаатларидан кечиб бўлсада маърифатга интилганлар. Маънавиятни ўзларига асос қилиб олганлар. Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насафий, Имом Мотуридий, Мирзо Улуғбек, А. Навоий, М. Бобур, Сўфий Аллоҳёр ва бошқа алломалар шулар жумласидандир. Абу Райҳон Беруний ҳазратлари (973 — 1048) ўз замонасининг даҳоси ва қуёши бўлган эди. У зот араб, сўғдий, форс, сурёний, юнон ва қадимги яҳудий тилларини, кейинчалик Ҳиндистонда санскрит тилини ўрганганлар ва шу тилларда асарлар битганлар. Айниқса у зотнинг  “Ҳиндистон” номли шоҳ асари жуда катта шуҳрат қозонган эди. Академик В. Р. Розен: — «Шарқ ва ғарбнинг қадимги ва Ўрта асрдаги бутун илмий адабиёти орасида бунга тенг келадиган асар йўқ» —  деб баҳо берган.                             Имом Мотуридий ҳазратлари ўз ҳаётларини ақида илмига бахш этиб, кўплаб шубҳаларни тарқатиб юборишга муваффақ бўлганлар. У зотнинг асарлари орасида “Ал – Жоме Ал — Мутун” шоҳ асар бўлиб қолган эди. У зотни бутун мусулмонлар ҳурмат билан «Имом ал-Худа» ва «Имом ал-мутакаллимин» дея тан оладилар. Хуллас, бу зотлар ҳақида қанчалар гапирсак шунчалар камлик қилади. Маънавиятимиз ва маърифатимиз асосчилари аслида шу зотлар бўлишган. Уларнинг ҳаёт ва ижодларини ўрганмоқлигимиз айни манфаат бўлади.

“Хўжа Аламбардор” жоме

масжиди имом хатиби:

Раҳимберди Раҳмонов