Мамлакатимизда Наврўз сайиллари бўлиб ўтмоқда

101

Наврўз халқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрамидир. Элимизнинг кўп асрлик урф-одатлари, орзу-интилишларини ифода этиб келаётган Наврўз мустақиллик йилларида янгича мазмун-моҳият касб этди, мамлакатимизда яшаётган барча миллатлар орзиқиб кутадиган умумхалқ байрамига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда бу айёмга катта тайёргарлик кўрилди.
Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Наврўз байрами ҳамма жойда – Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида ўтказилмоқда.
Тошкент шаҳридаги асосий байрам тадбирлари “Ўзэкспомарказ” боғида бўлиб ўтди.
Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
“Ўзэкспомарказ” ҳудуди байрамона безатилган. Меҳмонлар учун айвончалар, санъаткорлар учун саҳналар ташкил этилган.
Бу ерда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳукумат аъзолари, турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган ватандошларимиз, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари жам бўлган.
Бу йилги байрам ҳар галгидан бошқача бўлди. Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоят учун алоҳида жой ажратилди. Унда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос санъати, анъаналари, ҳунармандчилиги, таомлари намойиш этилди.
Фальклор-этнографик жамоаларнинг чиқишлари, миллий ўйинлар, одамларнинг ўйин-кулгулари барчага завқ-шавқ улашди.
Шавкат Мирзиёев одамлар билан кўришиб, суҳбатлашди. Боғ бўйлаб ҳар бир ҳудуднинг бадиий чиқишларини томоша қилди. Барчани Наврўз байрами билан табриклади. Юртимизга қут-барака, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтказилган Наврўз шодиёналарида ҳам иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган байрам тадбирларида вилоят жамоатчилиги, нуронийлар, ишлаб чиқариш фаоллари, ёшлар билан суҳбатлашиб, барчани байрам билан яна бир бор табриклади. Самимий суҳбат чоғида мамлакатимиздаги ислоҳотлар, одамлар ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида сўз борди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати