Комиллик сари

310

Баро ибн Oзиб (розияллоҳу анҳу) айтади: “Набий(соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизни етти хислатга буюриб, бошқа етти хислатдан қайтардилар. Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жанозада қатнашиш, беморларни зиёрат қилиш, aкса урган одамга яхшилик сўраб дуо қилиш, таклиф қилинган жойга бориш, мазлумга ёрдам бериш, қасамни устидан чиқиш ва саломга алик олишга буюрдилар. Шу билан бир қаторда(эркакларни) тилло узук ва ҳалқа тақиш, (эркагу аёлларни)кумуш идишдан фойдаланиш, ипак, дийбож (ибрисамдан тўқилган), истаброқ (дийбождан қалин ва дағалроқ) вақосий (ипак билан зиғир ипидан тўқилган) каби матолардан тайёрланган кийим кийишдан (эркакларни)қайтардилар” (Имом Термизий).

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг буйруқларига эътибор берилса, улар биродарлик алоқаларини мустаҳкамлаб, жамият аъзоларини ўзаро меҳр-муҳаббатга ундайди. Шунингдек, мусулмон бошқа биродарига ўлим мусибати келса ёнида бўлиши, касал бўлса зиёрат қилиши, бирор зарар етса ёрдам бериши лозим экани тушунилади. Шунуингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эркакларни тилло ва ипак билан зийнатланиб, кумуш идишлардан фойдаланиб ўзларини шараф соҳиби деб ўйлайдиган бахилларнинг йўлидан юрмасликка буюрмоқдалар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жанозада қатнашишга қизиқтирмоқдалар. Ҳадиснинг “жанозада қатнишиш” қисмидан маййитга жаноза намозини ўқиб, дафн қилингингача бўлиш тушунилади. Жанозада қатнашишнинг ажр-савоби улкандир. Бу ҳақда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким жанозада қатнашса, унга қийрот савоб берилади”, деганлар (Имом Муслим). Бошқа ҳадисда тушунишга осон бўлиши учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “қийрот”ни “Уҳуд” тоғига ўхшатганлар. Яъни “қийрот”нинг миқдори Уҳуд тоғича дейилган.

Беморларни зиёрат қилиш суннатдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур ҳадисда беморларни зиёрат қилишга буюрмоқдалар. Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмонлар ушбу суннатга ҳарис бўлмоғлари лозим. Беморларни зиёрат қилишнинг фазилати ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Касални зиёрат қилувчи қайтгунича жаннатнинг йўлида бўлади”, деганлар(Имом Муслим).

Ҳадиси шарифда беморни зиёрат қилиш умумий келтирилди. Касалликнинг  нави, миқдори, оғир ёки енгил экани зикр қилинмади. Чунки касалликнинг енгили ҳам оғири ҳам инсон саломатлигига таъсир ўтказади. Бемор касаллик сабаб юролмай, ўтириб қолса, саломатлик кундан-кунга ёмонлашиб борса зиёрат қилиш лозим бўлади. Гоҳида беморни дўстлари зиёрат қилгани келса, меҳмонларни кўради, ўз ҳолига – ўтириб қолганига назар солиб, яхши бўлишни умид қилмай қўяди. Шунинг учун зиёратчи беморнинг барча ҳолатларини эътиборга олиши лозим бўлади.

Никоҳ тўйига таклиф қилинганда, муқаддас динимизда қайтарилган нарсалар бўлмаса бориш лозимдир. Ундан бошқа муносабтларга чақирилганда бориш мустаҳабдир. Бу ҳақда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирор киши никоҳ тўйига таклиф қилинса, албатта борсин”, деганлар (Имом ибн Можжа).

Мазлумга ёрдам бериш лозим. Мазлум мусулмон ёки бошқа дин вакили бўлса ҳам ҳадиси шарифдаги буйруққа итоат этилади. Ислом нақадар гўзал ва бағрикенг дин. Муқаддас динимиз мўмин-мусулмонлар каби бошқа дин вакилларига ҳам ўз ҳақини адо этишга буюради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мўминдан ғам-ташвишини кетказса, қиёмат куни Аллоҳ таоло уни ғам-ташвишини кетказади”, дедилар(Имом Муслим).

Бажаришга қасам ичилган ишни амалга ошириш керак. Бу макоримул ахлоқдан иборат ҳалол ишларга хосдир. Ҳалол бўлмаган ишга қасам ичилса, уни бажарилмайди.

Салом бериш суннат амалдир. Унга алик олиш эса лозимдир. Салом берувчи алик олувчидан кўпроқ савобга эга бўлади. Алик олувчи камида “Ва алайкум ассалом”, дейди. “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу” дейиши афзалдир. Салом-аликнинг кўплаб фойдалари бор. Жумладан Аллоҳ таолонинг “ас-Салам” исми ёйилади, мўминлар ўртасидаги дўстлик ва меҳр-муҳаббат алоқалари мустаҳкамланади.  Шунингдек салом бериш ва алик олиш инсоннинг зийнати бўлиб, тавозелик ва қалбнинг поглигига далилдир.

Акса урган одамга яхшилик сўраб дуо қилинади. Инсон акса уриб “Алҳамдулиллаҳ (Аллоҳга ҳамд бўлсин)”, деса. Уни эшитганлар “Ярҳамукаллоҳ (Аллоҳ сенга Раҳим қилсин)” дейди. Акса урувчи бунга “Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳ балакум (Аллоҳ сизларни ҳидоят этиб, ишларингизни ислоҳ қилсин)”, дейди. Акса уриш уч мартадан ўтиб кетса “Аллоҳ таоло сенга шифо берсин”, дейилади.

Ҳадисда кумуш идишдан фойдаланишдан қайтарилмоқда. Бошқа ҳадиси шарифда тилло идишдан ҳам фойдаланиш мумкин эмаслиги келтирилган. Кумуш ва тилло идишларда таом ейиш ва ичимлик ичиш ҳалол  эмас. Чунки бу ишда ҳаддан ошиш, кибрга кетиш ва исроф бордир. Бу ҳукмда эркагу аёл баробар. Тилло узук, ҳалқа ва билакузук кабиларни тақиш эркакларга ҳалол эмас. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бир кишини қўлида тилло узукни кўриб, уни ечиб олдилар-да: “Сизлар қўлга тилло узук тақиб, дўзахнинг чўғини хоҳлайсизларми?” дедилар”

Дийбож, қосий, истаброқ каби матолар ипакнинг навларидандир. Шунинг учун бу матолардан фойдаланиш эркакларга мумкин эмас. Баъзилар бу матоларни номига эътибор қилиб, булар ипак эмас дейдилар. Урфда бу матолар тўқилишлари ҳар хил бўлгани учун турли номлар билан ажратилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чап қўлларига ипакни, ўнг қўлларига тиллони олиб, иккисини кўтариб: “Бу иккиси – тилло ва ипак умматимнинг эркакларига ҳалол эмас, Аёллар бундан мустасно”, деганлар (Имом Абу Довуд).        

Хулоса ўрнида жанозага қатнашиш савобининг улуғлиги, беморларни зиёрат қилиш ва қасам ичилган ишни бажаришнинг фазилати, таклиф қилинган жойга бориш, мазлумга ёрдам бериш, саломга алик олиш лозим экани, тилло ва кумуш идишни ишлатиш эркагу аёлга ҳалол эмаслиги, шунингдек ипакнинг барча навларидан тикилган кийимларни кийиш эркакларга мумкин эмаслигини келтириш мумкин.

Манбалар асосида

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ЎҒЛИ тайёрлади