“Йил имоми” – 2017 танлови ғолиби Исомиддин Аҳроров ҳақида

287

Аҳроров Исомиддин Исмоилович 1985 йилда Самарқанд вилоятида туғилган.

1999 йилда Вилоятдаги 126-сонли ўрта мактабни тугатгач, 2000-2004 – йилларда Қашқадарё вилояти,  Китоб тумани “Хожа Бухорий” ўрта-махсус ислом били юртида таҳсил олган.

2004-2008 йилларда Тошкент ислом университети талабаси, 2010-йилда эса Тошкент ислом университетининг магистранти босқичини якунлаб, шу йилдан эътиборан ТИУ да тадқиқотчи сифатида фаолиятини давом эттирган.

2013 йилдан Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Фирдавс” жоме масжиди имом ноиби, шу билан бирга, 2014 йилдан ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги мутахассиси сифатида фаолият юритади.

2014 йилдан Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида хизмат кўрсатади.

И.Аҳроров сўнгги йилларда маҳаллаларда соғлом ижтимоий муҳитни қарор топтиришда, ёш авлодни муқаддас диний қадриятларимизга содиқлик руҳида, маънан баркамол бўлиб тарбия топишларида, халқимизга мусаффо исломни етказиб, турли ботил, бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишда жамоат тадбирлари, оммавий ахборот воситаларида фаоллик кўрсатиб келмоқда.

2015 йилда muxlis.uz сайти томонидан ўтказилган мақолалар танловида “Диний бағрикенглик” йўналишидаги энг яхши мақола учун, 2016 йилда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ўтказилиб келинадиган “Сарҳисоб” танловида Радио йўналишида Рағбатлантирувчи мукофотлари соҳиби бўлган.

Исомиддин Аҳроров Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ўтказилган “Йил имоми”-2017 кўрик танловининг аввало туман босқичида, сўнгра шаҳар босқичида I ўринни қўлга киритиб, танловнинг якуний Республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. “Йил имоми” танловининг Республика босқичида ҳам ўз билими, иқтидори билан юқори баҳо тўплаб, ғолибликни қўлга киритди.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати