Интернет тўридаги хавфлар

69

Дунё ривожланган сари инсоният  янгидан янги кашфиётларга дуч келмоқда. Бутун жаҳон “ўргимчак тўри” дея ном олган интернет тизими шу кашфиётлар жумласидандир.  Интернет тизими пайдо бўлиши билан исталган ахборотни замон ва маконга боғлиқ бўлмаган ҳолда олиш имконияти яратилди. Сир эмаски, интернет тармоғида ижтимоий, иқтисодий-сиёсий, маданий-маърифий соҳаларга оид янгиликлар, машҳур кишилар ҳаёти билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар ва илм-фанга доир ўзгариш ва кашфиётлар ўрин олган. Шунингдек, қайси бир мавзу керак бўлса ўша мавзу ҳақида маълумотлар ўрин олганлиги яна ҳам қулайлигини оширади. Бизга маълумки, интернет мижозларини 80% ни ёшлар ташкил этади. Бу ёшлар эса ўз ватанларида келажак  эгалари дея таърифланади. Бу эса “Қора кучлар” учун  айни муддаодир. Машҳур кимёгар олим Алберт Эйнштейн:

 — “Қачон технологиялар ҳақиқий дийдор ўрнини босса,  авлодларнинг энг ақлсизига эришган бўламиз” – деган эди. Афсуски, у ҳақ эди. Сурия, Миср, Ливия, Жазоирда бўлиб ўтган, “Араб баҳори” дея аталган сценария асосини ғулувга кетган, кўр-кўрона эргашадиган ёшлар ташкил этганлигига нима дейиш мумкин. Энг қизиғи,  бу ғўр ёшлар ижтимоий сайтлар орқали бошқарилиб турилган.                                                                                                           Интернет ҳудуди жуда кенг қамровли бўлиб, унинг чегараси мавжуд эмас. Чунки тизим ҳудди ҳаво каби ҳар бир ҳонадан ёки шахсий майдонга кириб бориши мумкин. Масалан “Вай — фай” каби. Бундан ташқари, интернет ҳудудида асосини ёт, бузунчи ғоялар, диний экстремизм, миллатчилик, ирқчилик, оммавий маданият тарғиботи, текширилмаган ахборот ва маълумотлар, порнографик материаллар, миллатимиз менталитетига зид кўринишлар (пирсинг, татуировка, чекиш, ғарбона кийиниш)  ташкил этади.  Мазкур бузғунчи ғоялар таъсири  сабабли, “Интернет авлоди”, “Гугл болалари” ёки “Фэйсбук фарзандлари”, “Чатчилар”, “Одночилар” сингари иборалар пайдо бўлди Бу ҳол ўғил-қизларимиз тарбияси бировларнинг қўлига ўтиб қолиши эҳтимолини оширади. Чунки уларга ота-онадан кўра интернет ёки уяли телефон кўпроқ “тарбия” бера бошлайди Оқибатда айрим ҳолларда замонавий ахборот технологиялари ёш авлод интеллектуал салоҳиятини ривожлантирувчи восита эмас, балки ёшларни “Зомби”га  айлантирадиган технологияга  айланиб қолаётганлиги бор гап. Маълумотларга кўра, болаларнинг  38 %  зўравонлик  руҳидаги  сайтларни, 26 %  миллатчилик характеридаги сайтларни мунтазам кузатиб боради. Кўплаб сайтларда ахлоқсизлик, зўравонлик, миллатлараро ва диний ихтилофларни, наркотик воситалар ва спиртли маҳсулотларни истеъмол қилиш тарғиб этилади. Интернетдаги ўйинларнинг тури жуда кўп ва уларнинг аксарияти жамоа бўлиб ўйналади. Жумладан, “Counter strike”,“Butter field”, “Lineage”, “Gene­rals zero hour”, “Call of duty”, “Left four dead” каби жангариликни тарғиб қилувчи ўйинларнинг ихлосмандлари мактаб ўқувчиларидир. Бу каби ўйинлар бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, уларда шафқатсизлик, зўравонлик, уюшган жиноятчиликни кайфиятини уйғотмоқда.

Ҳа, афсуски шундай. Нима қилмоқ керак? Ёшларни интернетдан узиб қўйиш тўғрими? Йўқ, асло. Бу ечим эмас. Чунки интернет  аслида илму – ирфон манбаи бўлиб, ундан фақат тўғри фойдаланмоқ зарур. Биз 21 асрда яшамоқдамиз. Демак  шу аср илм ва технологияларини эгалламоғимиз  фарздир. Давлатимиз ривожланиши учун ҳам ушбу йўлдан боришимиз  мақсадга мувофиқдир. Аммо ҳушёрлик ва зийракликни ҳам унутмаслигимиз лозим, токи фарзандларимиз бегона қўллар ихтиёрида қолмасин. Ёшларимизнинг  интернетдаги ёзишма ва ҳаракатларини доимо назорат қилмоғимиз керак. Чунки ота – она қўл остидагиларга масъулдирлар. Ушбу масъулиятдан фойдаланган ҳолда ёшларимизга насиҳат қилишимиз даркор.  Фарзандларимиз келажагимиз устунларидир. Уларнинг ютуқлари бизнинг ютуғимиздир.

“Хўжа Аламбардор” жоме

 масжиди имом хатиби:

Раҳимберди   Раҳмонов