Илмнинг завқи

47

Илм олиш ва уни қадрига етиш ҳар бир мусулмон киши учун фарздир. Зеро илмнинг фарзлиги собит бўлгандир. Илм ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: —
«Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир».
Ибн Можа, Байҳақий ва Ибн Абдулбарр ривоят қилишган.

Демак илм олиш учун қаттиқ рағбат қилишимиз, яратилаётган имкониятлардан фойдаланишимиз лозимдир. Илм давраси жаннат боғларига қиёс қилинди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат боғлари ёнидан ўтсангиз, сайл қилинг», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат боғлари нимадир?» дейишди. «Илм мажлислари», дедилар».

Табароний ривоят қилган.

Жаннат боғларига марҳамат азизлар! Инсон дунёга келиб нимани орттирса охири ўша нарсани тарк қилишга мажбур қилинади. Аммо илм сохибини асло тарк қилмайди. Даражаси кўтарилиб бораверади. Ўтган улуғ уламоларимиз дарс учун вақтини қизғонишган. Илмга қизиқиб ҳатто тушлик қилишни ҳам унутиб юборишар экан. Ҳанафия мазҳабимизни мужтаҳидларидан бири бўлмиш имом Абу Юсуф айтадилар: —

 “Фарзандим вафот топди. Ўша куни Абу Ҳанифани (роҳматуллоҳи алайҳи) дарслари бор эди. Дарсларига қатнаша олмасликдан қўрқиб ўғлимнинг дафн маросимини бошқа одамга топширдим”.

Аллоҳим фарзандларимиздан олим ва уламо йигитлар чиқсин. Илмни ва адабни суядиган солих фарзандлар насиб этсин ҳаммамизга. Омин.

“Хўжа Аламбардор” жоме

 масжиди имом хатиби:

Раҳимберди Раҳмонов