Иймон ҳаловати

295

Аллоҳ таоло бу дунёда кимни иймон неъмати билан шарафлаган бўлса, ўша инсон ҳақиқатни топибди. Тириклик ва ҳаёт моҳияти ҳам иймон билан чамбарчас боғлиқдир. Шу сабаб, кимнинг охирги калимаси шаҳодат бўлса у албатта кечирилиши ҳақида ҳабарлар бор. Улуғ саҳобийлардан бўлган Маоз р.а. шундай деганлар: —

 «Кел, биз билан бироз ўтир, иймон ҳақида суҳбатлашайлик! » — деганлар.

Азизлар келинглар, бироз иймон ҳақида суҳбатлашайлик.

Ҳар бир нарсанинг ўлчови, даражаси бўлганидек, иймон  ҳам турларга бўлинади, булар:

Қалб талаффузи — уни эътиқод қилиш, тасдиқлаш ва қабул қилишдир. Тил талаффузи — Ислом калимасини талаффуз қилиб, шаҳодат калималарини айтишдир.

Қалб амали — банда қиладиган ният ҳамда қўрқиш, умид ва таваккул қилиш каби истаклар.

Тил амали — тилдан чиқадиган зикр, дуо ва тиловатлар каби амаллардир.

Аъзолар амали — аъзолар ҳаракати оқибатида содир бўладиган бадан ибодатларидир.

Демак, иймоннинг ушбу даражалари билан мусулмон киши зийнатланади. Амали солиҳ ва ҳайрли ишларни кўпайтиради. Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган мухаббати зиёда бўлади. Бу ҳақда

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилиб  айтдилар: —  «Иймон етмиш ёки олтмиш қанча ҳам бўлакдир. Уларнинг энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ) дея талаффуз қилиш, энг пасти эса озорли нарсаларни йўлдан четлатишдир. Ҳаё  ҳам иймоннинг бир бўлагидир».  (Муттафақун алайҳ).

Аммо шуни унутмаслигимиз лозимки, иймон фақат тоат билан мукаммал бўлмайди. Иймон адаб ва ҳуснул – ҳулқ билан ҳам такомиллашади. Адаб ва аҳлоқсиз тоатнинг маъноси ҳам йўқолади. Бу ҳақда

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар: — «Мўминларнинг иймони мукаммал бўлгани — ахлоқи гўзал бўлганларидир», — дедилар. (Имом Аҳмад,  Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Мусулмон киши тоат ва аҳлоқни жамласагина олийликка етади. Мақсадлари рўёбга чиқади. Умри ҳайрият устида бўлади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ҳам шунга буюрган.

“Хўжа Аламбардор” жоме

 масжиди имом хатиби:

Раҳимберди Раҳмонов