Зийраклик ва ҳушёрлик зарур

240

Ўтган куни Россия давлати Петербург шаҳри “Перекресток” савдо марказида бўлиб ўтган теракт,  дунё ҳалқларини яна огоҳлик ва ҳушёрликка чорлади. Бу теракт натижасида 13 киши жабрланди. Шулардан 9 нафари шифохонада қолмоқда. Афсуски, жабрланувчилар орасида Ўзбекистон  фуқароси ҳам бордир.  Жиноятчининг  ўзи қидирилмоқда.

Юртимизда байрам кунлари ниҳоятда гавжум бўлади. Аллоҳ сақласин,  аммо  огоҳликни бир зум қўлдан чиқармаслигимиз лозим. Тинчлигимиз ва ютуқларимизни асраб авайлашга ҳар бир фуқаро масъулдир.

Ҳатто Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳушёрлик ва огоҳликка катта эътибор берар эдилар. Бу ҳақда шундай воқеа бўлиб ўтган:

 Макка мушриклари катта қўшин билан Мадинага юриш қилишди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам кибор саҳобийларни тўплаб юртни қандай ҳимоя қилиш ҳақида машварат ўтказдилар. Маслаҳатлар берилди. Аммо Салмон Форсий р.а.нинг маслаҳати,   Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга ёқди ва Мадина шаҳри атрофини айланасига ҳандақ (чуқурлик) ковлашга келишилди. Уруш бошланди. Ушбу уруш кунларини бирида, кечаси  тунда  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам кўринмай қолдилар. Саҳобийлар ул зотни излаб топаолишмади. Шу вақт қаттиқ қичқириқ эшитилди. Қоронғу зулмат ичидан  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам чиқиб келдилар. Саҳобийлар

 – “Ё, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам, сизга озор етмадими?” – дейишди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам

 – “Йўқ, ҳаммаси жойида, уйқум келмагач, шаҳар сарҳадларини душман пистирма қўймадимикан, дея айланиб чиқдим” – дедилар.

Азизлар, ҳушёрлик ва огоҳлик  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан суннатдир. Умматни тинчлиги учун ўз вақти ва уйқусидан воз кечиб бедор бўлиш, нақадар улкан бир масъулият эканлигини, биз умматларга ўз амаллари орқали кўрсатиб бермоқдалар. Субҳаналлоҳ! Огоҳ бўлинг азизлар, огоҳ бўлинг!

“Хўжа Аламбардор”  жоме

масжиди имом хатиби:

Раҳимберди  Раҳмонов