Гўзал хотима

25

Шайх, имом, зоҳид Абул Вақт Абдулаввал ибн Абу Абдуллоҳ ас-Сижзий раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 458 йилда Ҳиротда таваллуд топганлар. У кишидан Ибн Асокир, Самъоний, Ибн Жавзий, Юсуф ибн Аҳмад Шерозий, Маҳмуд ибн Восиқ Байҳақий каби алломалар ҳадис ривоят қилишган.

Юсуф ибн Аҳмад Шерозий айтади: “Шайхимиз Абул Вақтнинг зиёратларига бордим. Салом бериб кирдим ва олдиларида ўтирдим. У киши мендан: “Бу шаҳарга нима иш билан келдинг?” деб сўрадилар. Мен: “Сизнинг зиёратингизга келдим. Сиздан етиб келган ҳадисларни қаламим билан ёзардим. Энди ўзингиздан манфаат олиш учун олдингизга қадамим билан келдим” дедим.

У зот: “Аллоҳ сени ҳам, бизни ҳам Ўз ризосига эриштирсин! Агар мени яхши таниганингда, менга салом бермаган ва олдимда ўтирмаган бўлардинг” деб йиғлаб юбордилар. Атрофдагилар ҳам йиғлашди.

Кейин: “Эй болам, мен отам билан Ҳиротнинг бу тарафидан нариги тарафидаги шаҳарга “Саҳиҳ” (Саҳиҳул Бухорий)ни эшитгани пиёда борардик. У пайтларда ўн ёшга ҳам тўлмагандим. Отам қўлимга иккита тош бериб қўярди. Отамдан қўрқиб тошларни кўтариб олардим. Йўлда кетар эканмиз, у киши мени кузатиб борарди. Чарчаганимни кўрса тошнинг биттасини ташлашимни буюрарди. Мен тошни ташлаб юборардим. Фақат битта тошни кўтариб, чарчагунимча юрардим. Кейин отам мендан: “Чарчадингми?” деб сўрарди. Мен ундан қўрқиб, “Йўқ” дердим. “Нега унда секин юряпсан?” дерди отам. Отамга етишиб-етишиб яна бир соат тез юрардим-да, кейин чарчаб қолардим. Шунда отам қўлимдаги тошни олиб, отиб юборарди. Шу ҳолда чарчагунимча юрардим. Кейин мени кўтариб оларди. Йўлда деҳқонларга йўлиқиб қолардик. Улар бизга “Эй Шайх Исо, сизларни манзилингизга элтиб қўйяликми?” деб сўрашарди. Отам “Маркабга минишимиздан Аллоҳ асрасин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш учун пиёда юриб борамиз. Агар ўғлим юришдан чарчаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ҳурматидан ва савоб умидида уни бошимга чиқариб оламан” дерди. Отамнинг бу гўзал иши ва яхши нияти сабабли мен ушбу “Саҳиҳ” китобидан ва бошқа кўп китоблардан фойдалар олдим” дедилар”.

Шогирдларидан бири айтади: “Устознинг жонлари узилиши яқинлашганда, бошларини кўксимга суяб олдим. Зикр билан машғул эдилар. Олдиларига Муҳаммад ибн Қосим кирди ва “Эй устоз, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг охирги сўзи ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲ” бўлса, жаннатга киради” деганлар деди. Устоз унга нигоҳларини қаратдилар ва:

 

يَا لَيْتَ قَوْمِي يَعْلَمُونَ بِمَا غَفَرَ لِي رَبِّي وَجَعَلَنِي مِنَ الْمُكْرَمِينَ

«Кошки қавмим билсалар эди. Роббим мени мағфират этганини ва икром қилинганлардан қилганини», деди. (Иймони ва ихлоси туфайли Аллоҳ таоло ўз фазли ва карами ила у бандани жаннатга ҳукм қилди. У банда жаннатга кириб, нозу неъматларни ва иззат-икромни кўриши билан қавмини эслади. «Кошки қавмим билсалар эди. Роббим мени мағфират этганини ва икром қилинганлардан қилганини», деди».) (Ёсин, 26-27) оятидан бошлаб суранинг охиригача ўқидилар. Атрофдагилар ҳайратдан донг қотиб қолдилар. Кейин АЛЛОҲ АЛЛОҲ АЛЛОҲ деб, жойнамоз устида ўтирган ҳолларида вафот этидилар”.

У зот ҳижрий 553 йилда Бағдодда вафот этганлар. Аллоҳ раҳматига олсин!

 

“Сияру аъламин нубало” китобидан Нозимжон Иминжонов таржимаси