Аёлларимиз ҳурмати

29

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий  фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда  Конституциямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жинси, миллати, диний эътиқодидан қатъи назар тенг ҳуқуқли экани, 46-моддасида эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги, 117-моддасида эса сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари кафолатланган.

Шунингдек, муқаддас динимиз таълимотларида аёлга тааллуқли ҳуқуқларни алоҳида белгилаб берган. Аллоҳ таоло аёл ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида бундай марҳамат қилади:

وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

“Унинг аломатларидан (яна бири)сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз   учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда  иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.

(Рум сураси 21-оят)

Аёл зотига бўлган ҳурмат ва эҳтиромни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳаётидан ҳам билиб олишимиз мумкин. Хусусан,   ҳазрат Умар (р.а) халифалик даврларида бир одам шаддод хотинининг турли жанжаллари, бақир-чақирларидан шикоят қилгани келди. Ул одам ҳазрати Умарнинг эшиклари олдига келганида қулоғига бир хотиннинг қаттиқ овози келди. Бир оз тараддудда қолди, қулоқларига ишонмади. Ишонмади, қандай ҳам ишонади! Ҳазрати Умарнинг аёллари ҳожаси – эри ҳазрат Умарга бақириб, чақирмоқда. Ҳазрати Умар эса ҳеч овозларини чиқармас эдилар.

  Хотинидан шикоятга келган одам ўз-ўзига шундай деди:

      —  Мен хотиним берган ҳузурсизликдан, хотинимнингёмон феълидан, менга бақир-чақиришидан халифага шикоятга келган эдим, токи ҳузур топайин, уйимдаги жанжалдан қутулайин деб. Бу қандай тақдирки, менинг бошимдаги ғам халифанинг бошида ҳам бор экан. Яхшиси у ердан кета қолай, деди.

         Ул одам қайтиб кетар экан, ҳазрати Умар уни кўриб қолдилар ва:

          — Нега келган эдинг, нега кетаяпсан, — дедилар.

         — Сизга хотинимдан шикоятга келган эдим. Айни бало, айни дард сизнинг ҳам бошингизда борлигини кўриб шикоятдан вос кечдим. Шунинг учун кетаётган эдим, — деб жавоб берди ул одам.

         Бунинг узрига ҳазрати Умар ул одамга бундай насиҳат қилдилар:

         — Менга яхшилаб қулоқ сол! Оиламнинг менда баъзи ҳақлари бордир. Менга қилган хизматлари сабабли мендан бу ҳақларининг қадрини билишимни истайди. Сабр-қаноат билан қиган хизматлари ва ҳақлари ушбулардир:

  1. Хотиним жаҳаннам оташи билан менинг орамда бир пардадир. Кўнглим у билан роҳат топади. Ҳаромга боқмайман (яъни, у менга хотинлик вазифасини бажаради).

  1. У мен учун уйимнинг бир муҳофизидир (қўриқловчиси, муҳофаза этувчисидир). Мен уйимдан чиқсам, у уйимда мол-мулкимни сақлайди, уйимнинг бекаси бўлиб қолади.

  1. Кийимларимни ювиб тозалайди. Уйимнинг бошқа юмушларини бажаради. Уйимнинг тозалигини, болаларимнинг покизалигини сабр-қаноат билан таъминлайди.

  1. Болаларимни тарбиялайди. Уларга едириб-ичиради, кийдириб ясантиради.

  1. У менинг овқатимни пишириб, олдимга қўяди. Шунча хизматларни ўрнига қўйиб бажариб миннат қилмайди.

         Ҳазрат Умарда бу насиҳатларни эшитгандан кейин хотини устидан шикоят қилгани келган одам:

         Сизга қилинадиган бу хизматлар менга ҳам қилинади. Сиз хуш кўриб унинг баъзи қусурлари, камчилигини кечирганингиздан кейин мен ҳам хотинимнинг қусурларин  кечираман, -деди.

Ҳадиси шарифларда аёллар хусусида шундай келтирилади.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

 — “Онангни лозим тут, Албатта жаннат унинг қадамлари остидадир”.

 (Имом Насоий ва Аҳмад ривояти)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар:

 — “Кимки онасининг икки кўзи орасидан ўпса (бу амали) у учун дўзахга тўсиқ бўлади”.

“Аллоҳ таоло аёлларга яхши муомала қилишларингизни тавсия этади, чунки улар оналарингиз, қизларингиз, холаларингиздир…”

(Имом Табароний ривояти)

“Аллоҳнинг наздида бандаларнинг энг яхшиси ўз аҳли аёлига фойдаси кўпроқ тегадиган кишидир”.

(Ибн Можа ривояти)

Аллоҳ таоло, оналаримиз, опа-сингилларимиз ва аёлларимизни ўз фазли карами ила ёрлақасин.

Тошкент шаҳар

Бош имом хатиби:                 Раҳимберди домла Раҳмонов